Ўзбекистон янгиликлари

Ҳазрат Усмон мусҳафи тарихини биласизми?

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам 40 ёшга етганларида (610 милодий санада) Макка атрофидаги тоғлардан биридаги Ҳиро номли ғорда Қуръондан илк оятлар нозил бўла бошлади. Бу жараён Маккада ўн уч йил, Мадинада ўн йил, ҳаммаси бўлиб йигирма уч йил давом этди. Қуръон оятлари нозил бўлиши билан саҳобалар уларни ёдлаб олишар, айрим ашёларга, хурмо пўстлоқларига, япалоқ тошларга, тахтачаларга, териларга, ҳайвонларнинг курак суякларига ўйиб ёзиб қўйишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари орасида 40 нафардан кўп ваҳий котиби бор, улардан 14 нафари жуда машҳур эди.

Набий алайҳиссалом ояти карималарни ана шундай кўчиртириб қўярдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар йили Рамазон ойида ўша пайтгача нозил бўлган сураларни Жаброил алайҳиссаломга бир бор ўқиб берар эдилар. Фақат вафот этган йиллари Рамазонда Қуръонни икки марта тўлиқ ўқиб ўтказганлар. Хуллас, Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳаёт чоғларида Қуръони карим китоб ҳолида тўпланмаган. Бу ҳақда манбаларда Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръон тўлиқ кўчирилган ҳолда тўпланмасидан вафот этдилар”, дегани келтирилади.

Қуръони карим сураларининг мусҳафда жойлашув тартиби уларнинг нозил бўлиш саналари билан мувофиқ эмас. Қуръони каримнинг қайси сура ёки оятини қайси ўринга қўйиш Аллоҳ таолонинг ваҳийи билан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўрсатмаларига биноан амалга оширилган.

Шу туфайли биз Қуръони карим сураларининг жойлашув тартибини “тавқифий” – Аллоҳ таолонинг буйруғи билан бўлган, деб эътиқод қиламиз.
Набий алайҳиссаломнинг вафотларидан сўнг Аллоҳ таоло Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳуни сабабчи қилиб, Абу Бакр рози­йаллоҳу анҳуни Қуръони каримни жамлашга илҳомлантирди. Бу ҳақда Зайд ибн Собит розийаллоҳу анҳу бундай ривоят қилади: «Абу Бакр Ямома жангидан сўнг менга одам жўнатди. Борсам, олдида Умар ибн Хаттоб бор экан. Абу Бакр: “Умар менга келиб, Мусайлама каззобга қарши Ямома жангида кўп қорилар шаҳид бўлди. Қориларнинг ҳар жойларда шаҳид бўлишлари сабабли Қуръоннинг кўп қисми ёддан кўтарилиб кетишидан қўрқаман. Сиз Қуръонни жамлашга буйруқ беришингиз керак, деб ўйлайман”, демоқда. Мен Умарга: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилмаган ишни қандай қиламан?” десам, у: “Аллоҳга қасамки, бу хайрли иш”, деб менга айтаверди, айтаверди, ҳатто менга ҳам бу иш маъқул туюлди. Мен Умарнинг фикрига қўшилдим. “Эй Зайд! Сиз ёш ва ақлли йигитсиз! Сизнинг лаёқатингиз ҳақида гумонимиз йўқ. Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тушган ваҳийни кўчириб юрар эдингиз. Энди Қуръонни кўчириб жамласангиз”, деди. Аллоҳга қасамки, агар тоғлардан бирини кўчиришга амр этганларида ҳам, менга Қуръонни кўчириб жамлашга буюришларидан кўра енгилроқ бўлар эди. Мен: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилмаган ишни қандай қиласиз?” дедим. Абу Бакр: “Аллоҳга қасамки, бу хайрли иш”, деб айтавериб, охири кўндирди. “Қуръонни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида битилган тош тахтачалар, терилар, ёғочлар ва одамларнинг қалбларидан кўчириб, жамладим. У Абу Бакрнинг вафотига қадар унинг олдида, сўнг Умар ибн Хаттобнинг олдида, сўнг Ҳафса онамизнинг олдида қолди”. Қуръони каримнинг Абу Бакр розийаллоҳу анҳу давридаги жамланиши ҳиж­рий ўн иккинчи йилга тўғри келиб, Зайд ибн Собит розийаллоҳу анҳу 21 ёшда эди.
Ҳазрат Абу Бакр розийаллоҳу анҳунинг вафотидан сўнг Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу халифа бўлди. Қуръони каримни ўрганишга эътибор янада кучайди. Фатҳ этилган ўлкалар жуғрофияси янада кенгайди. Саҳобалар мусулмонларга Қуръони каримни ўргатувчи устозлар бўлиб, турли ўлкаларга тарқалишди. Дамашқлик мусулмонлар орасида Убай ибн Каъб розийаллоҳу анҳунинг қироати, куфалик мусулмонлар орасида Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳунинг қироати, басралик мусулмонлар орасида Абу Мусо ал-Ашъарий розийаллоҳу анҳунинг қироат услуби кенг ёйилди. Одамлар мазкур қироатлар бўйича таълим олишди. Бу қироатлар баъзи ўринларда талаффуз жиҳатидан бир-биридан фарқ қилар эди.

24 ҳижрий (644 милодий) йил охирида Усмон ибн Аффон розийаллоҳу анҳу ислом қўшинларини Кавказ ўлкаларини фатҳ қилиш учун жўнатдилар. Сафар кунлари шомлик мусулмонлар қироатини эшитган ироқлик мусулмонлар ажабланишди. Улар тиловат қилишганида, бир-бирларидан айрим оятларнинг ўзларига нотаниш қироатини эшитдилар. Бу нарса ўзаро ихтилофни пайдо қилди. Ҳатто ўз қироатини бошқаникидан афзал санайдиганлар топилди.
Қўшин бошлиғи Ҳузайфа ибн Ямон бундан қаттиқ ташвишланиб, сафардан қайтгач, дарҳол ҳазрат Усмон розийаллоҳу анҳу ҳузурига келиб: “Эй мўминлар амири! Бу умматни яҳуд ва насоролар каби китобларида ихтилоф қилишдан қутқариб қолинг!”, деб мурожаат қилади. Ҳазрат Усмон розийаллоҳу анҳу Ҳафса онамизга: “Китобингизни бизга бериб туринг, кўчириб олиб, яна қайтариб берамиз”, деб одам жўнатади.

Китоб мўминлар онаси Ҳафса розийаллоҳу анҳодан олингач, Ҳазрат Усмон розийаллоҳу анҳу Зайд ибн Собит бошчилигида Абдураҳмон ибн Ҳорис, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саид ибн Осни Қуръони каримни қайта кўчиришга буюрдилар. Усмон розийаллоҳу анҳу Зайд ибн Собитнинг бу уч қурайший ёрдамчиларига: “Агар Зайд ибн Собит билан Қуръоннинг бирон ояти(имлоси)да келиша олмасангиз, қурайш тилини танланг, чунки Қуръони карим уларнинг тилида нозил бўлган”, дедилар. Кўчириб бўлишгач, Ҳазрат Усмон Ҳафса онамиз розийаллоҳу анҳога мусҳафларини қайтардилар. Ҳафса онамиз розийаллоҳу анҳо вафот этганларидан сўнг, уни ўша даврдаги Мадина амири Марвон ибн Ҳакам олиб, Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳунинг ижозати билан ёқиб юборган.

Қуръони каримнинг Усмон ибн Аффон розийаллоҳу анҳу фармонига кўра жамланиши 25 ҳижрий (645 милодий) йилга тўғри келади. Саҳиҳ ривоятларга кўра, у олти нусхадан иборат бўлган. Ҳазрат Усмон Мусҳафи анборий-ҳимярий хат турида ёзилган. Бу хат Ҳижозда тарқалганлиги учун “ҳижозий” хат деб ҳам аталади. Усмон ибн Аффон розийаллоҳу анҳу ҳар бир нусхага одамларга қироатни ўргатиш учун бир қорини қўшиб жўнатдилар. Янги кўчирилган Қуръони каримнинг бир нусхасини Омир ибн Қайс билан Басрага, бир нусхасини Муғийра ибн Абу Шиҳоб билан Шомга, бир нусхани Абдуллоҳ ибн Соиб билан Маккага, бир нусхани Абу Абдурраҳмон Саламий билан Куфа шаҳрига жўнатилган ва бир нусхаси Мадинаи мунавварада олиб қолинган. Мадиналик мусулмонларга қироатни таълим бериш вазифаси Зайд ибн Собит розийаллоҳу анҳуга юкланган. Усмон розийаллоҳу анҳу ўзларига ҳам бир дона Мусҳаф олдилар. Бу мусҳаф кейинчалик “Имом Мусҳаф” номини олган.

Шу тариқа Қуръон ҳарфларининг ёзув услуби бир хиллиги ҳам сақлаб қолинди. Бу борада эҳтиёткорлик шу даражага етдики, Қуръон ҳарфларига бирор нуқтачалик ҳам ўзгариш кирмасин, деган мақсадда уламолар: “Мусҳаф ичига гул, дарахт барги ва шунга ўхшаш бош­қа нарсаларни мутлақо қўйиб бўлмайди, акс ҳолда, ўша нарсалар саҳифага ёпишиб қолса, шубҳа пайдо бўлиши мумкин”, деб фатво чиқаришди.

Замонлар ўтиши билан олиб борилган маслаҳатлашувлардан сўнг, кишилар Қуръонни хато ўқимасликлари ва Қуръон қироатида турли ихтилофларга тушмасликлари учун мусҳафларга фатҳа, касра, замма аломатларини қўйиш керак, деган қарорга келинди. Бунда ҳам асл ҳарфларга заррача ўзгариш аломати киритмаслик шарт қилинди. Тарихда бу иш “Қуръонни нуқталаш” номи билан собит бўлган.

Муовия ибн Абу Суфён розийаллоҳу анҳунинг халифалик даврида Абул Асвад Дуалий Қуръони каримга нуқталар тарзида эъроб қўйган. Араб ёзуви асли набатий ёзувидан, у эса оромий ёзуви асосида шаклланган. Сўнг эса, икки мактаб – Куфа ва Ҳижоз мактаблари асосида тараққий этган. Куфаникидан фарқли равишда, Ҳижоз услуби майин, осон ёзилиши билан ажралиб туради. Қуръон ушбу ёзув билан саҳобийлар даврида кўчирилиб, китоб шаклига келтирилган.

Қуръон матнига нуқталар, бошқа белгиларни қўйиш уч босқичда амалга оширилган. Биринчи босқичда эъроб нуқталари қўйилган. Бу босқичда ҳаракатлар ҳозирги кундагидек бўлмай, нуқталар билан ифодаланган: фатҳа ҳарфнинг устига нуқта қўйиш билан, касра ҳарфнинг остига нуқта қўйиш билан, замма ҳарфнинг ёнига нуқта қўйиш билан белгиланган. Умавийларнинг Ироқдаги волийси бўлган Зиёд ибн Убайдуллоҳ Абул Асвад Дуалийга (ваф. 69/688) сўзларнинг келишигини (марфуъ, мансуб, мажрур), яъни эъробини ажратиш учун белгилар қў­йишни буюради. Дуалий олдинига, Қуръонга ҳеч нарса қўшиб бўлмаслигини айтиб, буни рад этади. Сўнг бир куни ногаҳон бир кишининг бир оятни “Инналлоҳа барийъун минал мушрикийна ва росулиҳи” деб, яъни “росулаҳу” оятини хато ўқиганини ва оят маъноси бузилганини эшитиб қолади. Аллоҳ Ўз пайғамбаридан қандай пок бўлади? Ахир, бу катта хато-ку, деб Зиёднинг олдига келиб, оятларга белгилар қўйишга розилигини билдиради. Эъробни ифодалаш мақсадида нуқталар қўяди.

Иккинчи босқичда ҳарфларга нуқталар қўйиш амалга оширилади. Орадан вақт ўтиб, Абдулмалик ибн Марвон Бағдод амири Ҳажжожга амр қилиб, ҳарфларни ажратиш учун уларга уламолар нуқталар қўйишлари лозимлигини айтади.

Учинчи босқичда эса, эъроб нуқталари ҳозирги кундаги шаклларга ўзгартирилган. Чунки олдинги босқичларда амалга оширилган нуқталар, яъни эъроб ва эъжом нуқталари бир-бири билан аралашиб кетарди. Зеро, ҳарфларни ажратиш учун ҳам, ҳаракатни ажратиш учун ҳам нуқталар қўйилган эди. Гарчи Дуалий қизил рангда нуқталар қўйган бўлса-да, бу услуб ўқувчиларга ҳам, хаттотларга ҳам қатор қийинчиликлар туғдира ­бошлаган эди.

Ҳажжож ибн Абу Юсуф даврида китоб 30 та порага тақсим қилинди. Кейинчалик ҳар бир нусханинг ишончли эканини тасдиқлаш мақсадида: “Бу нусха Мусҳафи Усмонга мувофиқдир”, деб ёзиб ҳам қўйиладиган бўлди. Замон ўтиши билан, вазият тақозо қилганида, бошқа аломатлар ҳам худди шундай эҳтиёткорлик ва аниқлик билан қўйиб чиқилди. Замон ўзгариб, техник тараққиёт даври келганда, Қуръонни техник жиҳозлар воситасида чоп этиш масаласи кўндаланг бўлди. Уламолар дастлаб бу ишга рухсат бермадилар. Улар мазкур услуб ила чоп этиш Қуръоннинг обрўсига тўғри келмайди, деган тушунчага боришган эди. Вақт ўтиши билан мусулмонлар ҳам китоб чоп этиш ишларини ўзлаштирдилар. Қуръони каримни кўплаб нусхада чоп этиш эҳтиёжи ортиб боргани учун уламолар керакли шартларни қўйиб, Қуръонни чоп этишга рухсат беришди. Қуръони карим илк бор 1530 (937 ҳ.) йили Италиянинг Венеция шаҳрида, кейин 1694 (1106 ҳ.) йили Олмониянинг Ҳамбург шаҳрида, мусулмонлар ҳомийлигида эса дастлаб 1787 (1202 ҳ.) йили Русиянинг Санкт-Петербург шаҳрида чоп қилингани тарихий манбаларда қайд этилган.

Ҳазрат Усмон розийаллоҳу анҳунинг ўзларига хос бўлган Мусҳафга келадиган бўлсак, у тўғрида аллома Шотибий Имом Моликдан ривоят қилиб: “Мазкур Мусҳаф ғойиб бўлган, у тўғрида машойихлардан ҳеч бир хабар ололмадик”. Ибн Қутайба: “Усмон розийаллоҳу анҳу тиловат қилиб туриб, тепасида шаҳид бўлган Мусҳаф кейинчалик ўғиллари Холидда эди, ундан сўнг унинг авлодларига қолди, улар эса бирин-кетин оламдан ўтишди. Шомнинг баъзи машойихлари, ўша Мусҳаф Тус заминида, дейдилар”, деб хабар беради.

Ҳазрат Усмон розийаллоҳу анҳу Мусҳафининг Мовароуннаҳр, яъни Самарқандга қандай келиб қолгани борасида бир неча тахминлар бор. Бу тахминларни А.Кун, А.Шебунин, В.Лунин, Н.Содиқова ва Т.Стецкевич каби тадқиқотчилар илгари суришган.

Биринчи тахминда, Ҳазрат Усмон Мусҳафини милодий X асрда Бағдоддан улуғ аллома Абу Бакр Қаффол Шоший олиб келгани айтилади.

Иккинчи тахмин тарафдорлари Хўжа Аҳрор Валийнинг издошларидан бири ҳаж сафаридан қайтишда бир муддат Константинополда яшагани ва ўша юртнинг подшоҳини қандайдир бир дарддан даволагани ва мукофотига ҳукмдордан Ҳазрат Усмон Мусҳафини сўраб олганини айтишади.
Кўпчилик тадқиқотчилар ҳақиқатга энг яқин деб санайдиган фикрга кўра, Мусҳафи шарифни Соҳибқирон Амир Темур Сурия, Ироқ томонларга қилган юришлардан бирида қўлга киритган ва ўзининг кутубхонасида сақлаган.

“Доғистон Исломий жаридаси” ўзининг ҳижрий 1335 (мил. 1916(17) йил 31-сонида “Усмон Мусҳафи Петроградда” деган сарлавҳа остида бир мақола чоп қилади. Қу­йида мақоладан парча келтиришни мақсадга мувофиқ деб топдик: “Абу Убайдуллоҳ ибн Салом ўзининг “Ал-қироот” китобида нақл қиладиким: “Мен амирлар (яъни, темурийлар) хазинасидан чиққан ва Усмон розийаллоҳу анҳунинг Мусҳафлари саналмиш Мусҳафни кўрдим. Ҳазрат Усмон унинг тепасида шаҳид бўлганлар, дейишади ва мен унинг баъзи жойларида қон изларини кўрдим”. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, Тошкентдаги Ҳазрат Усмон Мусҳафида қон излари яққол билиниб туриши билан бирга, ундаги қон излари сачраб эмас, балки оқиб, саҳифаларга шимилиб қолганини кўриш мумкин.

Кейинчалик аниқ бўлмаган сабабларга кўра Муҳаммад Амин Хонжий “Мажамул Имрон” номли китобида Ибн Баттутанинг Бас­рада ҳазрат Усмон бош Мусҳафини кўргани ҳақида айтади ва: “Бу Мусҳаф кейинчалик Самарқандга, ундан сўнг Петербургга олиб кетилган”, деб ёзади.

Ибн Баттута ҳам “Туҳфатун нуззор” китобида Шомга сафари чоғи Басрадаги Ҳазрат Али масжидида шундай куфий Мусҳафни кўрганини ёзади. Ибн Баттутанинг Шомга сафари Соҳибқирон Амир Темурнинг у ўлкаларга юришидан олдин бўлган эди. Рус олими Шебунин ҳам “Куфий Қуръон” китобида ушбу фикрни маъқуллайди.

Ҳозир ушбу Мусҳафнинг олти нусхасидан бештаси мавжуд. Яъни, улардан иккитаси ҳамон Мадина ва Маккада, иккитаси Миср ва Туркияда, бешинчиси бизнинг юртимизда сақланмоқда. Ҳазрат Усмон Мадинада қолдирган нусха эса топилмаётир.

Ҳазрат Усмон Мусҳафи тарихини ўрганиш шу билан узил-кесил ҳал этилди, дейиш қийин. У ҳамон ўз тадқиқотчиларини кутмоқда. XX аср бошларидаги текширувга кўра, Мусҳаф варақлари ўлчами 68×53 см. бўлиб, 353 варақдан иборат эди. Бу варақларнинг ялтироқ ва сарғиш рангдаги юза томони яхши сақланиб, орқа бети салгина ғижимланган, бир оз уринган каби кўринар эди.

Мусҳафнинг саҳифалари нам тортиши натижасида бирмунча шикастланган ва уларда қон доғлари бор эди. Унинг йиртиб олинган ёки қаттиқ шикастланган варақлари ўрнига 69 та терига ўхшаш қалин ва майин варақлар тикиб қў­йил­ган. Бу варақлар пахтадан моҳирлик билан ишланиб, уларни Мусҳафнинг асл саҳифаларидан фарқлаш қийиндир.

Мовароуннаҳрга Амир Темур бобомиз XIV асрда Ироқдан олиб келган Мусҳаф узоқ йиллар Самарқанддаги “Оқ мадраса” номи билан машҳур бўлган “Нодир Девонбеги Тоғо” мадрасасида сақланган. Мусҳафи шариф Хўжа Аҳрор Валий масжидига келиб қолган. Чоризм қўшини Самарқандни ишғол қилганида бу Мусҳафни шарқшунослар қўлга киритади. Улар буни Ҳазрат Усмоннинг бош Мусҳафи деб билишади. 1869 йилда ушбу Мусҳафни Туркистон генерал губернатори Фон-Кауфман Санкт-Петербургга, император кутубхонасига бериб юборган. Санкт-Петербургдаги жамоа кутубхонасининг қўлёзмалар бўлимига келтирилгандан сўнг, Усмон Мусҳафи шарқшуносларнинг тадқиқот объектига айланди. Биринчи бўлиб арабшунос А.Шебунин унинг палеографик тавсифини берди, кўчирилган санасини аниқлади ҳамда Париж, Берлин ва Маккада сақланадиган нусхалари билан таққослади. 1905 йилда Санкт-Петербургда ушбу Мусҳафдан 50 дона нусха олинган. 1917 йилги Октябрь тўнтаришидан сўнг Петербургда тузилган маҳаллий Ислом шўроси Мусҳаф масаласида янги ҳукумат раиси Владимир Ленин номига мурожаат ва талабнома ёзди. Бунга жавобан, халқлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш шиори остида Мусҳафни мусулмонлар қўлига топшириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Қарорга Ленин имзо чекади.

Ўша даврда Россия мусулмонлари идораси Уфа шаҳрида жойлашган эди. Ҳазрат Усмон Мусҳафи 1924 йилгача Уфа диния назорати қароргоҳида сақланди. Ўзбекистонда ўша пайтда кўзга кўринган диний арбоблардан шайхулислом Тўрахон Махдум Хўқандий ўз ҳамроҳлари билан Москва ва Ленинградга сафар қилиб, икки ой мобайнида ҳукумат доираларига қатнаб, шу орада Ленин билан ҳам учрашиб, Мусҳафни Самарқандга қайтариш учун фармон чиқариш зарурлигини айтади. Инқилобдан кейин Тошкент ва Сирдарё вилоятлари мусулмонларининг “Исломий жамият”и Ўзбекистон мусулмонлари номидан ҳукумат доираларига Мусҳафи шарифни Туркистонга қайтариш тўғрисида мурожаат қабул қилади. Шундан сўнг Ҳазрат Усмон Мусҳафини Туркистонга қайтариш тўғрисида 1923 йил 25 июнда собиқ Иттифоқ Олий Совети ижроқўмининг қарори чиқади.

Ҳазрат Усмон Мусҳафи ҳақида тадқиқотчилар, олимлар кўп асар ёзишган. Улар орасида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диния назорати раисининг ўринбосари бўлган олим Исмоил Махдум Саттиев қаламига мансуб “Тошкентдаги Ҳазрат Усмон Мусҳафининг тарихи” рисоласи алоҳида эътиборга лойиқдир. Асар араб тилида ёзилган, кейинчалик ўзбекчага таржима қилиниб, бир неча бор нашр этилган.

“Ҳазрати Имом” мажмуаси таркибига кирувчи “Мўйи Муборак” мадрасасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси музейи ташкил этилган. Музейда Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси жамғармасидан ўрин олган энг нодир қўлёзма Усмон ибн Аффон розийаллоҳу анҳу даврларида кийик терисига кўчирилган Қуръони каримдир. Ушбу Мусҳаф 338 варақдан иборат. Ҳар бир саҳифа ҳажми 68х53 см. ни ташкил этади. Мусҳафни дунёга машҳур қилган яна бир жиҳати шундаки, халифа Усмон розийаллоҳу анҳу шу Қуръонни ўқиб ўтирганларида шаҳид бўлганлар.

Ҳукуматимиз томонидан Қуръони каримнинг бу нодир нусхасини келажак авлодга етказишга алоҳида эътибор қаратилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 8 июндаги 115-сонли “Усмон Мусҳафи”ни талаб даражасида сақлашни таъминлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш бўйича махсус ишчи гуруҳ ташкил этилди. Ушбу ишчи гуруҳ аъзолари чет элдан нодир қўлёзмаларни сақлаш бў­йича мутахассислар ҳамкорлигида Мусҳафнинг ҳолатини ўрганиб чиқишди. Қуръон кийик терисига кўчирилган ва уни мукаммал сақлаш учун намлик мўътадил бўлиши зарурлигини эътиборга олиб, Германия давлатидан махсус сандиқ (саркофаг) олиб келинди. Бу сандиққа Мусҳафни давр талаби даражасида мукаммал сақлаш учун намликнинг мўътадил бўлишини таъминлаб берувчи махсус ускуналар ўрнатилган. Ҳазрат Усмон Мусҳафига халқаро ЮНЕСКО ташкилоти 2000 йил 28 августда махсус сертификат берган.
Мухтасар айтганда, Ислом динининг асосий манбаи бўлган Қуръони каримнинг китоб шаклига келтирилган илк асл нусхасининг диёримизда сақланиши биз учун улуғ неъмат бўлиб, бу — зиммамизга уни ниҳоятда асраб-авайлашни ва келгуси асрларга ҳеч бир зиён-заҳматсиз етказишдек масъулиятни юклайди.

Абдул Жалил Хўжам
тайёрлади.

Read 1198 times

Янгиликлар

Top