Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон – Миср: илм-маърифат йўлида алоқа кўприги

Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги дўстона ҳамкорлик кўп асрлик бой тарихга эга. Мовароуннаҳр ва Миср диёрида яшаб ижод қилган улуғ бобокалонларимизнинг ноёб илмий-маърифий мероси бутун мусулмон оламининг бебаҳо бойлиги ҳисобланади. Буюк аждодимиз Аҳмад Фарғоний Мисрда яшаб, ўлмас кашфиётлар қилган. Жумладан, аллома бунёд этган, Нил дарёси сувини ўлчайдиган “Миқёси Нил” иншооти бугунги кунда ҳам Миср халқи фаровон ҳаёти ва давлат тараққиётига хизмат қилаётгани эътиборлидир. Қоҳира шаҳрида, Нил бўйида Аҳмад Фарғоний шарафига ўрнатилган ҳайкал халқларимиз ўртасидаги азалий дўстликнинг ёрқин рамзига ҳам айланган. 

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Миср ўртасида кўп томонлама алоқалар жадал ривожланмоқда. Бу борада икки давлат раҳбарлари – Президент Шавкат Мирзиёев ҳамда Президент Абдулфаттоҳ ас-Сисий томонидан олиб борилаётган ҳамкорлик стратегияси муҳим ўрин тутмоқда. Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Мисрдаги қатор олий таълим ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасидаги ҳамкорлик мунтазамлик касб этгани ҳам эътиборлидир. Айниқса, Таълим, фан ва маданият бўйича ислом ташкилоти – ICESCO билан дўстона муносабатлар ривожланиб бормоқда.

“Илмни Чин (Хитой)да бўлса-да ўрган”

Яқинда Миср Араб Республикаси пойтахти Қоҳира шаҳрида 60 дан зиёд аъзо давлат иштирокида ICESCO Ижроия кенгашининг 42-сессияси ҳамда ХИВ Бош конференцияси бўлиб ўтди. Мазкур анжуманда юртимиз делегацияси ҳам фаол иштирок этди. 

Аввало, ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита ва юртимиз элчихонаси ҳамкорлигида Мисрдаги турли олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот марказларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба-ёшлар билан учрашув ўтказилди. Бош қонунимиз қабул қилинган кун байрами арафасида ташкил этилган ушбу тадбирда машҳур “Илмни Чин (Хитой)да бўлса-да ўрган” ҳадисига риоя қилиб, хорижий мамлакатда илм-фан сирларини эгаллаётган ватандошларимиз ютуқ ва муаммоларини ўрганиб, Ўзбекистонда ёшлар келажаги учун яратилаётган имкониятлар, диний-маърифий, илмфан соҳаларидаги туб ислоҳотлар хусусида самимий суҳбатлашдик. Дўстона учрашувда ёшларимизга, энг аввало, хорижий давлатда ўзбек халқининг шаъни ва фахри эканини доимо ёдда тутиб, миллий ўзлигимизни қадрлаш ва улуғ аллома боболаримизга муносиб бўлишга интилиш лозимлиги таъкидланди.

Ал-Азҳарнинг ҳар бир талабаси Насафийни билади

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил топгандан буён Мисрнинг дунёга машҳур Ал-Азҳар университети билан ҳамкорлик ривожланиб бормоқда. Шу боис, бугунги кунда кўплаб ёшларимиз мазкур нуфузли олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасасида дунё илм-фани сирларини ўрганиб, изланишлар олиб бормоқда.

Ташриф давомида делегациямиз Ал-Азҳар мажмуасида ҳам бўлди. Таниқли исломшунос олим, мажмуа раҳбари ўринбосари Абдураҳмон Муҳаммад ад-Дувайний билан учрашув чоғида бу ерда таҳсил олаётган Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабаларига қўшимча шароитлар яратиш, уларнинг соф ислом маърифати ва ақидасини чуқур ўрганиши учун махсус ўқувлар ташкил этиш бўйича қўшимча келишувга эришилди. Бу борадаги ҳамкорликни ривожлантиришда икки томонлама профессор-ўқитувчилар алмашинувини кенгайтириш юзасидан амалий таклифлар билдирилди.

Ўз навбатида, Абдураҳмон Муҳаммад ад-Дувайний учрашувдан мамнунлигини, икки муассаса ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш, талабалар, ёш илмий тадқиқотчилар, тажрибали устозлар алмашинувини йўлга қўйиш, онлайн семинар, конференциялар ўтказишдан ҳар икки томон ҳам манфаатдор эканини таъкидлади.

– Ислом цивилизацияси ривожида Имом Бухорий, Имом Термизий, Абул Муин Насафий каби ўзбек алломалари ҳиссаси алоҳида, – деди суҳбатда ад-Дувайний. – Эътиборлиси, илм даргоҳимизда таҳсил оладиган ҳар бир талаба Абул Баракот Насафийнинг “Мадорик ут-танзил ва ҳақоиқ ут-таъвил” асарини мутолаа қилиши, чуқур ўрганиши талаб этилади. Зеро, ушбу китоб муқаддас ислом динининг соф илмий маърифатини ўрганишда ноёб қўлланмадир. Дарҳақиқат, қадимдан Ўзбекистон замини буюк алломаларга бешик бўлган ватан. Муҳими, бугун ҳам ўзбек ёшлари илм олишда буюк аждодларига муносиб авлод бўлиб камол топмоқда.

Дўстона фикрлашувларда кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, айниқса, диний экстремизмга қарши курашиш бўйича Ал-Азҳар обсерваторияси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита ўртасида имзоланган меморандум асосида экспертларнинг доимий мулоқотини тизимли ташкил этиш бўйича қўшимча вазифалар белгилаб олинди.

Ўзбекистон – ICESCOнинг энг тартибли аъзоси

Қоҳира шаҳрида Таълим, фан ва маданият бўйича ислом ташкилоти (ICESCO)нинг ХИВ Бош конференцияси ҳам амалий ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтарди. 

Ташкилот 1979-йилда ташкил топган бўлиб, бош қароргоҳи Марокаш пойтахти Работ шаҳрида жойлашган. Ташкилот аъзо давлатлар ўртасида таълим, фан, маданият ва коммуникасия соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқлар ҳамда динлар ўртасида дўстона муносабатларни ўрнатишга муҳим эътибор қаратиб келмоқда. Ислом олами ва дунё тамаддуни ривожида Ўзбекистоннинг ўрни беқиёс бўлгани боис ICESCO ташкилоти билан ўзаро ҳамкорлик ривожланиб бормоқда.

Конференцияда Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий ҳамда ICESCO Бош котиби, доктор Салим ал-Малик қатнашди. 60 дан ортиқ аъзо давлат делегациялари иштирок этган нуфузли анжуманда ташкилотнинг 2022-2025-йилларга мўлжалланган ўрта муддатли стратегияси тақдим этилиб, келгуси режалар белгилаб олинди.

Муҳокамалар давомида турли делегацияларнинг таълим, илм-фан ва технология, маданият соҳаларини янада ривожлантириш борасидаги ҳисоботи ҳамда режа ва таклифлари кўриб чиқилди. Шунингдек, коронавирус пандемиясига қарши курашиш, унинг салбий асоратларини бартараф этиш, соғлиқни сақлаш, экологик муаммоларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Пандемиядан сўнг таълим соҳасидаги янгиланиш, ўзгаришлар ҳақида маърузалар тингланди.

ICESCO Бош котиби Салим ал-Малик ташкилотга аъзо давлатларнинг ишларини таҳлил қилар экан, энг тартибли аъзо давлатлар қаторида Ўзбекистонни ҳам эътироф этди. Бундан ташқари, ICESCO Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришдан мамнун эканини, рақамли технологиялар, космик тадқиқотлар ривожида юртимиз алломалари, хусусан, Ал-Хоразмийнинг беқиёс ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлади.

Ал-Хоразмий қўйган пойдевор бугун муҳташам мажмуага айланди

Ташкилотнинг ХIV Бош конференциясида Бош котиб Салим ал-Малик: “Бугунги рақамли технологиялар ривожида, айниқса, фазо илмлари, космик тадқиқотлар тараққиёти учун инсоният, энг аввало, Ал-Хоразмийга таъзим қилиши керак. Зеро, VIII-IX асрларда яшаган қомусий аллома Ал-Хоразмийнинг илм-фандаги кашфиётлари ва у киши қўйган мустаҳкам пойдевор бугунги кунга келиб муҳташам мажмуага айланди”, дея қайд этгани бизни фахрлантирмай қўймайди, албатта.

Конференциянинг очилиш маросимида Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий ҳам иштирок этиб: “Бугунги кунда ёшлар тарбияси, илм олиш учун ислом диёрларида ҳам эътибор янада ошмоқда. Зотан, ёш авлод таълим-тарбияси, уларнинг илм-фан сирларини ўрганиши ёруғ келажакка пойдевордир. Тан олиш керак, бугун инсоният тараққиёти рақамли технологияларга бевосита боғлиқ бўлиб бормоқда. Эътиборлиси, ушбу илмнинг тамал тоши ислом оламининг буюк намояндаси Ал-Хоразмий томонидан қўйилган. Бу барча мусулмонлар учун фахрдир”, деб алоҳида таъкидлаб ўтгани қалбимизни тўлқинлантирди.

Ушбу эътирофлар ёшларимизга билим олиш йўлида бардавом бўлиш, аждодларга муносиб авлод бўлиб вояга етиш масъулиятини ҳам юклайди. 

Шу маънода, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан юртимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш устувор мақсади асосида таълим-тарбия тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бугунги ёш авлоднинг замонавий илм-фан, касб-ҳунар ҳамда диний-маърифат соҳаси билимларини чуқур эгаллаб, улуғ боболаримиз меросини давом эттиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Нуфузли анжуманда Ўзбекистонда таълим соҳасидаги ўзгаришлар ҳақида хорижий ҳамкасбларимизни ҳам бохабар этдик. Илм-фаннинг инновацион технологиялар, коинотни ўрганиш, сунъий интеллект каби замонавий йўналишларида ҳам илмий-амалий тадқиқотлар олиб борилаётгани барча иштирокчилар эътиборини тортди. Бунинг учун юртимизнинг барча ҳудудларида энг сўнгги русумдаги технологиялар билан жиҳозланган IТ парклар, илмий-тадқиқот марказлари ва институтлар ташкил этилмоқда.

Бундан ташқари, юртимизда сақланаётган 100 мингдан ортиқ қўлёзма ва тошбосма асарлар орасида астрономия йўналишида турли тиллардаги 200 дан ортиқ қўлёзмани замонавий илм-фан билан уйғунлаштириш, илмий муомалага олиб кириш зарур. Бугунги кунда республикамизда ислом динини илмий асосда ўрганиш мақсадида Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси каби ўнлаб илмий-маърифий муассасалар фаолият кўрсатяпти. Айниқса, Тошкент шаҳрида барпо этилаётган Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази халқимизнинг бой диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва дунёга тарғиб этиш, ёш авлодни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялашда беқиёс ўрин тутади. Юртимиздаги кенг миқёсдаги ислоҳотлар конференция иштирокчилари олқишига сазовор бўлди.

Тошкентдаги ICESCO кафедраси энг намунали ва етакчи бўлади

Мазкур анжумандан сўнг ICESCO Бош котиби, доктор Салим ал-Малик билан учрашув бўлиб ўтди. Самимий мулоқотда Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ICESCO” кафедраси самарали фаолият юритиб, ёшларнинг чуқур билим олишида муҳим аҳамият касб этаётганини эътироф этилди. Кафедра ICESCO томонидан дунёнинг бошқа олий таълим муассасаларида ташкил этилган ICESCO кафедралари ўртасида энг намунали бўлиши таъкидланди. Шу ўринда бугунги кунда дунёдаги 18 та олий таълим муассасасида ICESCO кафедраси борлигини қайд этиш жоиз.

Ўз навбатида, Бош котиб дунёнинг турли олий таълим муассасаларидаги ICESCO кафедралари ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва соғлом рақобат муҳитини яратиш таклифини маъқуллади ва уни амалга ошириш юзасидан келишиб олинди. 

Конференциядан сўнг ICESCOнинг фан ва технология бўлими бошлиғи, профессор Раҳел Қамар ҳамда ICESCO технологиялари маслаҳатчиси, доктор Муҳаммад Шариф билан ҳам мулоқотда ислом дунёси мамлакатларида космик тадқиқотларни ривожлантириш масалалари ҳақида фикр алмашилди. ICESCO вакиллари само илмларини ўрганиш Ўзбекистонда тарихан ривожлангани, сўнгги йилларда мазкур соҳага эътибор янада ортганини алоҳида қайд этди.

Музаффар КОМИЛОВ,

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича 

қўмита раисининг биринчи ўринбосари,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2021-йил 18-декабр, 255-сон

Read 1178 times

Янгиликлар

Top