Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон ва Беларус Диний идоралари вакиллари онлайн мулоқот ўтказди

Ўзбекистондаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги Халқ дипломатияси маркази ташаббуси билан Ўзбекистон ва Беларус мусулмонлари идоралари ўртасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича онлайн мулоқот ўтказилди.
Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов, Фатво бўлими мудири ўринбосари Саиджамол домла Масайитов ва Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғофуров, шунингдек, Беларус мусулмонлари марказий жамияти раиси Абубакр Шабанович ва Халқ дипломатияси маркази раҳбарлари иштирок этди.

Самимий мулоқот чоғида Иброҳимжон Иномов юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган хайрли ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди. Саиджамол домла Масайитов Диний идора фатво бўлими фаолияти, соҳадаги янгиликлар, мўмин-мусулмонларнинг диний саволларига жавоб берадиган “Колл марказ”, Fatvo.uz сайти ва унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифалари, телеграм бот каналлари ҳақида маълумот берди. Уйғун домла Ғофуров юртимиздаги диний таълим муассасалари, улардаги ўқув жараёнлари, соҳада қўлланилаётган замонавий услуб ва методлар тўғрисида гапириб берди.

Мулоқот якунида ўзаро тажриба алмашиш, имомлар малакасини оширишда ҳамкорлик қилиш бўйича келишиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1372 times

Янгиликлар

Top