Ўзбекистон янгиликлари

Малайзия илмий муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда

Мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон халқаро ислом академияси (ЎХИА) биринчи проректори – Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Давронбек Мақсудов ва Малайзия Миллий университети ҳузуридаги Ислом цивилизацияси институти (МИЦИ) директори Фариза Шам ўртасида видео-мулоқот ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашув давомида илмий муассасалар ўртасидаги ҳамкорликни жадаллаштириш ва истиқболли лойиҳаларни режалаштириш масалалари, МИЦИ директорининг жорий йил октябрь ойидаги Ўзбекистонга ташрифи доирасида эришилган келишувларнинг амалга ошириш механизми муҳокама қилинди.

Хусусан, диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантиришга йўналтирилган қўшма илмий тадқиқотлар амалга ошириш, тадқиқот натижалари ва илмий ишларни нашр этиш, Қуръон илмлари, ҳадис, ислом ҳуқуқи, ислом иқтисодиёти ва молияси, халқаро муносабатлар, туризм, ахборот технологиялари ва бошқа ўзаро қизиқиш бўлган йўналишларда профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, конференция, семинар ва маърузалар ташкил этиш, адабиёт ва рақамлаштирилган қўлёзмалар алмашинувини йўлга қўйиш масалаларига эътибор қаратилди.

Мулоқот давомида томонлар ишлаб чиқилаётган Ҳамкорлик меморандуми лойиҳасини муҳокама қилиб, унинг мазмундорлиги ва амалий аҳамияти билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқди.

Жумладан, ҳар йили ўтказилиши кўзда тутилаётган “Марказий Осиёлик мусулмон алломалар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияни Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази, ЎХИА ва МИЦИ ҳамкорлигида ташкил этиш таклифи илгари сурилди.

Шунингдек, Малайзия вакили тарихий қўлёзмаларни ўрганиш, уларни қайси даврга оидлигини аниқлашда радиокарбон усулини қўллаш, қўлёзмаларни рақамлаштириш ва классификация қилишда “Big Data” (катта ҳажмли маълумотлар) имкониятларидан фойдаланиш каби йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф этди.

Музокаралар якунида экспертлар даражасида ишчи гуруҳ тузиш, 2022 йилнинг биринчи чорагида Ҳамкорлик меморандумини имзолаш ва пандемия билан боғлиқ вазият барқарорлашганидан сўнг ўзаро ташрифларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 872 times

Янгиликлар

Top