Ўзбекистон янгиликлари

Тарихий объектларни таъмирлашдаги қонун бузилишига нисбатан жазо кучайтирилиши мумкин

Ўзбекистон моддий маданий мерос объектларига бой мамлакат ҳисобланади. Мазкур объектларни асраб-авайлаш, келажак авлодларга бус-бутун ҳолича етказиш муҳим вазифалардандир.

Шу боис маданий мерос объектларини ўз ҳолича сақлаш, муҳофаза қилиш, таъмирлаш ишларига мунтазам эътибор қаратиб келинади. Аммо сўнгги йилларда моддий маданий мерос объектларида амалга оширилган таъмирлаш-тиклаш ишларида кўплаб қонун бузилиш ҳолатлари учраб турибди.

ЎзА хабарига кўра, бундай муаммоларнинг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида муҳокама қилинди.

“Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасига кўра, бу каби қонун бузилиш ҳолатларига нисбатан жазо чораларини янада кучайтиришга қаратилган нормалар киритилмоқда. Шунингдек, мансабдор шахслар иштирокида содир этилаётган бундай жиноятларни тергов қилиш ваколатини прокуратура органлари терговчиларига ўтказиш таклиф қилинмоқда.

Лойиҳада Маданий мерос агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларининг бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма ёки тақдимномаларини бажармаганлик учун ҳам жавобгарлик кучайтириляпти. Хусусан, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача, бир йил давомида такрор содир этилса, етти бараваригача миқдорда жарима солиниши белгиланмоқда.

Йиғилишда фракция аъзолари мазкур қонун лойиҳаси муҳокамасига партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ёндашишди. Мазкур ҳужжат юртимизда моддий маданий мерос объектлари, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган обидалар ва ҳудудларни муҳофаза қилиш, уларнинг ноёблигини сақлаб қолиш, келажак авлодга етказишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб, уни иккинчи ўқишда маъқуллади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 926 times

Янгиликлар

Top