Ўзбекистон янгиликлари

Қавмни руҳлантирган, қалбларга хурсандчилик бахш этган хайрли ташриф

Масжидимиз атрофида аҳолиси зич жойлашгани, кўчалар тор бўлгани, айниқса, жума ва ҳайит намозларнинг сиғмаслиги каби муаммолар бўйича ҳудуд мўмин-мусулмонларининг муржаати ўрганилиб, мутасадди раҳбарлар томонидан янги масжид қурилишига 70 сотих ер ажратилди ва жорий йилда масжид қурилиши бошланди. Айни пайтда пойдевори кўтарилиб, ғишт теришга тайёр ҳолатда эди.

Айни шу кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идора раиси, муҳтарам муфтий Нуриддин ҳожи Холиқназаров ҳазратларининг Фарғона сафари ва Фарғона шаҳридаги “Аҳмаджон қори” масжидига ташрифидан масжид қавми ва ҳудуд мўмин-мусулмонларининг боши осмонга етиб, кўнгли тоғдек кўтарилди.

Ташриф давомида муҳтарам Муфтий ҳазратлари масжид пойдеворига илк ғиштни табаррукона қўйиб бердилар, сўнг қурилиш лойиҳаси ва иш жараёни билан яқиндан танишдилар. Кейин масжид қурилишига муфтийлик фондидан дастлабки 20 000 000 сўм ёрдам пули бериш тўғрисидаги сертификатни топширдилар. Муфтий ҳазратларининг масжидимизга ташрифи, насиҳатлари ва барча ўрнак сифатидаги ҳимматлари қавмимиз ва қурувчиларни руҳлантириб, қалбига хурсадчилик киритди ва янада шижоатлантирди.

Динимизда инсонларга яхшилик қилиш, уларнинг кўнглини кўтариш улкан савобли амаллардан. Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Ё Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга энг севимли киши ким, Аллоҳ азза ва жаллага энг севимли амал қайси?”, деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга энг севимли киши – одамларга кўпроқ манфаати тегадиган киши. Аллоҳга энг севимли амал – мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киритмоғинг...”, дедилар (Имом Табароний ва Имом Ибн Абуд Дунё ривояти).

Аллоҳ таоло юртимиздаги барча бунёдкорлик, хусусан, масжидлар қурилишига ҳисса қўшаётган инсонларга мададкор бўлсин, элимиз фаровонлиги, динимиз ривожи йўлида жой куйдириб хизмат қилаётган барча раҳбарларимиз, жумладан, муфтий ҳазратлари фаолиятига ривожлар ато этсин!

Фарғона шаҳридаги “Аҳмаджон қори” масжиди қавми

Read 1352 times

Янгиликлар

Top