Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон Президенти Саудиянинг янги элчисини қабул қилди

Президент Шавкат Мирзиёев Латвия элчиси Рейнис Трокша, Венгрия элчиси Дьюла Ковач, Франция элчиси Орелия Бушез ва Саудия Арабистони элчиси Юсуф ал-Утайбийдан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон Президенти янги тайинланган элчиларни мамлакатимизда дипломатик миссиясини бошлагани билан самимий табриклади.

Саудия Арабистони нафақат араб-мусулмон оламида, балки бутун дунёда катта нуфузга ва молиявий-иқтисодий салоҳиятга эга бўлиб, Ўзбекистоннинг муҳим ҳамкоридир.

Икки муқаддас масжид ходими, Подшоҳ Салмон Ол Сауд ва Валиаҳд Муҳаммад Ол Сауд билан учрашувлар икки томонлама муносабатлар ривожига қўшимча суръат бағишлади, деди Президентимиз.

Ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал ва Инвестиция вазири Холид ал-Фалиҳнинг жорий йилда мамлакатимизга амалга оширган ташрифлари Ўзбекистон-Саудия ҳамкорлигини кенгайтириш ва мустаҳкамлашга муҳим ҳисса қўшди.

Президентимиз мамлакатимиз ҳудудларида Саудиянинг “ACWA Power” компанияси билан ҳамкорликда энергетика соҳасида йирик лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётганини мамнуният билан қайд этди.

Юртимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга Саудия тараққиёт жамғармаси ҳам салмоқли молиявий кўмак кўрсатиб келмоқда.

Икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, Саудия компаниялари билан янги лойиҳаларни илгари суриш муҳим экани таъкидланди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1267 times

Янгиликлар

Top