Ўзбекистон янгиликлари

"Исломда болалар ҳуқуқи" – гўдаклик, балоғат ва ўсмирлик даврларини ҳуқуқий асослаган манба

Инсон ҳуқуқлари илмий йўналишининг пайдо бўлиши ҳақида сўз борганда, мутлақ кўпчиликнинг фикрига дастлаб Ғарб олимлари томонидан шакллантирилган концепциялар келади. Дарҳақиқат, тарихий илдизлари антик даврга бориб тақаладиган идеал орзу – инсоннинг табиий, яъни унга Яратган томонидан ато этилган ҳуқуқларни имкон қадар тўлиқ рўёбга чиқариш ҳақидаги ғоянинг шаклланиши Афлотун ва Арасту каби мутафаккирлар билан боғлиқдир.

Кейинчалик бу ғоя Гуго Гротсий, Томас Гоббс, Бенедикт Спиноза, Жон Локк, Шарл де Монтеске, Жан-Жак Руссо ва бошқалар томонидан янги шароитларга мослаштирилган тарзда ривожлантирилган. 

Таъкидлаш жоизки, ислом маданиятида ҳам ушбу масалага азалдан алоҳида муносабат шаклланган. Исломнинг сарчашмаси – Қуръони каримда ўзининг тажассумини топган юксак инсонпарварлик ғоялари, айниқса, биргина бегуноҳни ўлдириш бутун инсониятни қатл этиш билан тенглаштирилгани бунга замин бўлиб хизмат қилган. Шунинг учун ҳам Яратган томонидан инсонга туғилишдан инъом этилган табиий ҳуқуқларни кафолатлаш ва уларни рўёбга чиқариш ўрта аср мусулмон ҳуқуқшунослигининг узвий қисмини ташкил этган. Шунга биноан инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш ва уларни рўёбга чиқариш йўлларини кафолатлашга бағишланган кейинги, асосан, ғарбона назарий умумлаштирмалар ва концепцияларда умумжаҳон ҳуқуқий маданиятининг фундаментал сегментларидан бири – фиқҳнинг ютуқлари ҳам ўзининг ифодасини топган дейишга барча асослар бор. 

Тарихий Уструшана – бугунги Жиззах воҳасидан етишиб чиққан буюк фақиҳ Абул-Фатҳ Маждуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн Уструшаний илмий заковатининг маҳсули бўлган «Жоми аҳком ас-сиғор» («Бола ҳуқуқлари кодекси») асари нафақат мусулмон ҳуқуқшунослиги, балки умумбашарий ҳуқуқий маданият дурдоналари қаторига киради. Асарда бола ҳуқуқлари тўртта категорияга бўлиб ўрганилган. Улар боланинг она қорнидаги, гўдаклик, балоғат ва ўсмирлик даврлари бўлиб, улар ҳуқуқий нуқтаи назардан асослаб берилган. 
Ушбу асарнинг аҳамиятини оширадиган яна бир жиҳат – унда муаллифдан олдин яратилган мазкур соҳага оид асарларнинг мундарижаси эътиборга олинганидир. Яъни, Уструшаний олимона йўлдан бориб, ўзигача яшаган фақиҳлар асарларида тарқоқ ҳолда ўз аксини топган вояга етмаганларга тааллуқли фатволарни жамлаган ва ўрганган. Уларни танқидий саралашга асосланиб, ўзи яшаган давр учун долзарб бўлган ижтимоий муаммолар контекстидаги салкам бир минг уч юзта фатвони шакллантирган. Эътироф этиш лозимки, уларнинг кўпчилиги ўзининг ҳаётий кучини бугун ҳам сақлаб қолган. 

Истеъдодли тадқиқотчи М.Атаев томонидан амалга оширилган тадқиқотнинг илмий-амалий аҳамияти, энг аввало, Уструшаний китобида келтирилган фатволарнинг деярли барчаси бугун ҳам бениҳоя долзарб бўлиб қолаётган ижтимоий-ҳуқуқий муаммоларга тааллуқли экани билан белгиланади. Тадқиқотга жалб этилган фатволарнинг мавзулар кўлами эмизиш, талоқ, идда, нафақа, норасиданинг қарамоққа олиниши, вояга етмаганларнинг меҳнатга жалб қилиниши, болага Қуръон бериш, бола иштирокидаги савдо-сотиқ шартлари, номусулмон норасидаларга муносабат, мулкий масалалар, вояга етмаганларнинг ҳаж қилиши, қиз болани ўзига тенг бўлмаганга никоҳлаш, маҳр, мерос, етимнинг моли, топиб олинган боланинг тақдири ва яна ўнлаб юксак ижтимоий аҳамиятли муаммоларни қамраб олганининг ўзиёқ қўлингиздаги нашрнинг бугунги эҳтиёжлар билан нечоғлик уйғунлигини кўрсатиб туради.

Эътиборли жиҳатларидан яна бири шундаки, Уструшаний асари Ғарб дунёсидаги инсон ҳуқуқлари масаласига бағишланган назарий концепциялар шаклланишидан тахминан тўрт юз йил аввал яратилган. Бошқача айтганда, антик даврда кўтарилган инсоннинг табиий ҳуқуқлари ҳақидаги ғояга Ғарбда қайта мурожаат қилинишидан анчагина муқаддам Шарқда уни рўёбга чиқаришнинг мукаммал механизмлари шакллантирилган эди. Зеро, исломдаги фатво институти асрлар давомида мусулмон жамияти ҳаётини тартибга солишнинг шариатга асосланган мувофиқлаштирувчи механизми вазифасини бажариб келган, фатволар ижтимоий ва индивидуал аҳамиятга молик катта-кичик муаммолар ечимининг ҳуқуқий-меъёрий мезонлари сифатида амал қилган. 

Яна шуни таъкидлаш лозимки, ўрта асрлар ва кейинги тарихий даврларда ҳам норасидалар ҳуқуқларига бағишланган алоҳида асар ёзилгани маълум эмас. Бу Уструшаний асарининг илмий қимматини янада ошириб, уни инсон ҳуқуқларининг муҳим сегментларидан бирини ташкил этадиган ювенал ҳуқуқ, яъни бола ҳуқуқлари илмий йўналишининг шаклланиши тарихига оид беназир манбага айлантиради.

Таъкидлаш ўринлики, охирги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар доирасида диний-маънавий моҳиятли қадриятларнинг ҳаётий мақомини тиклашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимиз Раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан бунёд этилаётган «Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази» деб номланган муаззам маърифат қўрғони каби ушбу соҳага тааллуқли таъсирчан механизмлар бунёд этилмоқда Бундай савобли ишлар негизида Уструшаний каби аллома бобокалонларимиз заковати билан яратилган безавол дурдоналар ҳамда уларнинг олимона саъй-ҳаракатлари натижасида ўрта асрларда юртимиз ҳудудида шаклланган илмий-маданий марказлар фаолиятини ўрганиш ва уларнинг интеллектуал маҳсулини халқимизга қайтаришдек эзгу мақсадлар ётади. 

«Жоми аҳком ас-сиғор» –«Бола ҳуқуқлари кодекси» муаллифи айнан юртимизда туғилиб, камол топгани билан мамлакатимизда кечаётган бугунги диний-маънавий ва илмий-маданий жараёнлар ўртасида рамзий боғлиқликни кўриш мумкин. Жумладан, бугун ҳам, ўрта асрлардаги  каби, юртимизнинг асосий бойлигини интеллект, яъни ақлий салоҳият ташкил этишини таъминлашга қаратилган бунёдкор ишлар амалга оширилмоқда. Юртбошимизнинг «биз кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишни ўзимизга асосий мақсад қилиб белгиладик» деган даъваткор ғояси мамлакатимизни ривожлантиришнинг навбатдаги босқичи тамал тоши, таъбир жоиз бўлса, миллий ғоямизга айланмоқда.

Уструшаний асарида баён этилган ғояларнинг кенг оммага тақдим этилишининг бир қатор фундаментал аҳамиятли жиҳатлари бор. Жумладан, бунинг натижасида инсон ҳуқуқлари ҳақидаги ғоянинг пайдо бўлиши Ғарб дунёси билан боғлиқ деган фикрни қайта кўриб чиқиш зарурати аёнлашади. Ушбу умуминсоний аҳамиятга молик ғоянинг илдизлари мусулмон оламининг Мовароуннаҳр ўлкаси билан боғлиқ экани кенг жамоатчилик, жумладан, хорижий оммага маълум бўлади. «Жоми аҳком ас-сиғор»да келтирилган ҳуқуқий масалалардан бугунги кунда учраётган муаммолар ечимини топишда фойдаланиш имконияти яратилади. Ўзбекистон ҳудудида содир бўлган Биринчи Ренессанснинг Уструшана илмий-маданий маркази билан боғлиқ қирраси янада ойдинлашади. Унда фаолият кўрсатган юздан ортиқ олимларнинг илмий меросига эътибор жалб этилади. Ёш авлодни тарбиялашда диний-маънавий меросдан соғлом тарзда фойдаланиш методологияси такомиллаштирилади. Ювенал ҳуқуқ илмий йўналишига XX асрда Ғарбда эмас, балки XIII асрнинг бошида Мовароуннаҳрда асос солингани  ўз исботини топади.

«Жоми аҳком ас-сиғор» мисолида ҳанафий мазҳабининг нечоғлик инсонпарварлиги яна бир карра ўз исботини топган, дейиш мумкин. Зеро, бола ҳуқуқларига бағишланган бундай тўплам ислом тарихида фақат ҳанафий мазҳаб вакиллари томонидан яратилган. Ушбу қимматли битик мисолида исломда болаларга шафқатсиз муомала қилинади деган асоссиз иддаоларга зарба берилади.

Мазкур асар Ўзбекистон халқаро ислом академиясида бажарилаётган «Исломнинг Марказий Осиёга ёйилиши: Мовароуннаҳрда диний-маънавий ва илмий-маданий марказларнинг шаклланиши ва ривожланиши» лойиҳаси доирасида нашр этилди. Айтиш мумкинки, ушбу илмий лойиҳа охирги йилларда мамлакатимизда диний-маънавий соҳада амалга оширилаётган кенг қамровли ишларнинг мантиқий натижаларидан бири сифатида дунё юзини кўрди. Ундаги маълумотлар юртимиз тараққиётининг навбатдаги босқичи – Учинчи Ренессанс таг-заминини мустаҳкамлаш ишига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади деган умиддамиз.

 

Зоҳидулло Мунавваров, 
Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессори

Манба: http://uza.uz/posts/333507

Read 1368 times

Янгиликлар

Top