Ўзбекистон янгиликлари

Имом ташаббуси билан эҳтиёжманд оилаларга янги уйлар қуриб берилди

Халқимизнинг эзгу қадриятлари кўплаб ўксик қалбларга шодумонлик улашмоқда. Фарғона вилояти Бағдод туманида боқувчисини йўқотган 12 та оилага хайр-саховат маблағлари ва ҳашар йўли билан янги уйлар қурилиб, фойдаланишга топширилди.

ЎзА хабарига кўра, “Қаровултепа” жоме масжиди имоми Маҳмудхон Абдуллаев жорий йилнинг апрель ойида туман ҳокимининг қабулида бўлиб, боқувчисини йўқотган оилаларни ижтимоий-моддий қўллаб-қувватлаш учун хайр-саховат маблағлари ҳисобига уй қуриб бериш ташаббусини билдирган эди. Табиийки, мазкур ташаббус ҳоким томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди, замонавий шаҳарсозлик меъёрлари асосида лойиҳалар тайёрланди. Уларда яшовчилар бахтли ҳаёт кечиришлари учун барча зарур қулайликларни яратишга алоҳида эътибор қаратилди.
– Бундан 4 йил аввал турмуш ўртоғим вафот этиб, 2 нафар норасидам етим қолди, – дейди Маликахон Олимова. – Қайнотамнинг уйида яшардик, мендан кейинги овсиним ҳам боқувчисини йўқотган. Қўлимиз “юпқалик” қилиб, алоҳида уй-жой сололмай келаётган эдик. Яратганга шукр, шу манзилдан бизга ҳам уй насиб қилди. Бунинг учун ташаббускорларга, раҳбарларимизга катта раҳмат.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1239 times

Янгиликлар

Top