Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон зиёратчиларни жалб этиш бўйича етакчи давлатга айланмоқда

Ўзбекистон ўзининг бой тарихи, бетакрор маданий мероси, жаҳон цивилизацияси ривожига салмоқли ҳисса қўшган кўплаб олим ва мутафаккирлари, қадимий меъморий ёдгорликлари, бетакрор пазандачилик ва халқ амалий санъати билан хорижликлар, сайёҳлар ва зиёратчилар эътиборини тортмоқда, деб ёзади Мисрнинг «Ал-Масаи Ахбор ал-Йаум» нашри.

Ўзбекистон Президентининг «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони мамлакатда сайёҳликнинг мазкур йўналишини ривожлантириш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Республика ҳудудида турли динларга оид маданий мерос объектларининг мавжудлиги Ўзбекистонда зиёрат туризмини кенг тарғиб қилишга, бу йўналишда хорижий сайёҳлар оқимини оширишга сабаб бўлаётган муҳим омиллар сирасига киради. Мамлакатдаги зиёрат туризми учун ҳар жиҳатдан мос келадиган жами 622 та маданий мерос объектининг 595 таси ислом динига, 19 таси насронийлик, 8 таси эса буддавийлик динига мансубдир.

"Мамлакатда буддавийларнинг бошқа мамлакатларга саёҳатларини уюштирадиган ўнлаб сайёҳлик агентликлари мавжуд", - деди "Чоге" буддавий ташкилоти вакили Юн Юнг Хи (Жанубий Корея). - Ўзбекистон билан зиёрат туризми соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёрмиз ва манфаатдормиз."

Ўзбекистон ҳудудида яшаб, ўзидан катта мерос қолдирган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбандий, Хўжа Абдуҳолиқ Ғиждувоний, бошқа машҳур аллома ва мутафаккирлар мақбаралари ислом динига эътиқод қиладиган кўплаб сайёҳларнинг диққат-эътибори марказида бўлган қадамжолар ҳисобланади.

"Ўзбекистон бутун дунёдан келган сайёҳлар учун муҳим манзилдир, - дейди "Дамга" газетаси мухбири Мурат Палавар (Туркия). - Мамлакат ўзининг жозибадор муҳити билан меҳмонларни ҳайратга солмоқда. Феруза тусда безатилган қадимий масжидлар, мадрасалар, карвонсаройлар ҳар қандай сайёҳни албатта забт этади. Республика сайёҳлик салоҳияти билан бир қаторда асрлар давомида эъзозланиб келинаётган миллий анъана ва қадриятлари ҳам ташриф буюрувчилар эътиборини ўзига жалб этмоқда".

Мамлакатда зиёрат туризмини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар ўзининг амалий самараларини бермоқда. Бунга сабаб бўлаётган омиллар эса талайгина.

«Энг аввало, Ўзбекистонга зиёратчи сайёҳларни жалб қилиш бўйича қабул қилинган ҳужжатларга биноан, қатор мамлакатлар фуқаролари учун визасиз режимнинг жорий этилганини қайд этиш жоиздир, - дея таъкидлайди нашр. Бунинг натижасида 2018-2019 йилларда Ўзбекистонга Индонезиядан келган сайёҳлар сони 170%, Малайзиядан 158%, Туркиядан 154% ва БААдан 153%га ўсди.

Мақолада мамлакатда ҳалол туризм бўйича Сингапурда жойлашган жаҳоннинг нуфузли ташкилоти бўлган «Crescent Rating» агентлиги билан 2018 йилда яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилганига алоҳида эътибор қаратилган. «Crescent Rating» ва «Mastercard» ташкилотлари томонидан ҳар йили эълон қилинадиган «Жаҳон мусулмон сайёҳлари индекси» (Global Muslim Travel Index) рейтингида республика 32-ўриндан 22-ўринга кўтарилди ва Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида сайёҳларни жалб қилаётган «энг жозибадор» ҳамда «хавфсизлик ва бағрикенглик даражаси юқори» бўлган 10 та давлат қаторидан ўрин олди», - деб эътироф этади нашр.

Crescent Rating маълумотларига кўра, 2026 йилга бориб ҳалол туризм соҳасида дунёда 230 миллион саёҳатчи бўлади. Pew Research Center ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилга бориб дунё аҳолисининг қарийб 30 фоизи мусулмонлар бўлишини инобатга олсак, Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантиришнинг муҳимлиги долзарб ҳисобланади.
"Россиянинг Шимоли-ғарбий минтақаси ва Санкт-Петербург Мусулмонлар Диний идораси ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаол тарзда зиёрат туризми, ислом қадамжоларига ташриф буюриш соҳасидаги саъй-ҳаракатларини ривожлантирмоқда", дейди шайх Россиянинг Шимоли-ғарбий минтақаси ва Санкт-Петербург Мусулмонлар Диний идораси раҳбари Равиль Панчеев. - Шу маънода Ўзбекистон ўзининг тарихий ва муқаддас обидалари билан алоҳида ўрин тутади. Мамлакатда Бухоро, Самарқанд, Хива ва бошқа кўплаб муқаддас шаҳарлар мавжуд".

Ўзбекистонда туризм соҳасини янада ривожлантириш ва ушбу йўналишда хорижий мутахассислар тажриба алмашиш мақсадида 2019 йил 21-23 февраль кунлари Бухоро шаҳрида I Халқаро зиёрат туризми форуми ўтказилди. Мазкур анжуманда 130 дан зиёд мамлакатнинг туризм ҳамда дин соҳаси олимлари ва мутахассислари иштирок этди. Тадбир якунида қабул қилинган «Бухоро декларацияси»да Ўзбекистон зиёрат туризми марказларидан бири сифатида эътироф этилди.

"Ўзбекистон очиқ музейга ўхшайди,-дейди Анқара университети илоҳиёт профессори Сонмез Қутлу. – Бу ерда ўзингизни ёлғиз ҳис этмайсиз. Ўзбекистонга борганимда, ўзим туғилиб ўсган Ерзинжон вилоятидан юргандек туюлди. Мамлакатдаги ҳар бир бурчак ва анъаналар таниш. Барча дўстларимга тортинмасдан Ўзбекистонга боришни, ушбу республиканинг қадамжоларини зиёрат қилишни тавсия этаман".

2020 йилда Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ISESCO) томонидан Бухоро «Ислом олами маданияти пойтахти» деб эълон қилингани муносабати билан онлайн шаклда илмий конференция ва мулоқотлар ҳам ўтказилди.

Сўнгги йилларда хорижий мамлакатлардаги тасаввуф йўналиши вакилларининг Ўзбекистондаги «Етти пир» ва Нақшбандия тариқатига оид зиёратгоҳларга қизиқиши тобора ортиб бормоқда. «Малайзияда жойлашган «World Sufi Centre» жамияти билан биргаликда 2018-2019 йилларда анъанавий тарзда ўтказилган Нақшбандия фестивалига хориждан 500 дан ортиқ иштирокчи келди. Кейинги йилларда янада кўпроқ хорижий сайёҳни жалб қилиш мақсадида ушбу зиёратгоҳларда кенг кўламли қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилди.

Сўнгги йилларда хорижлик сайёҳларни янада кўпроқ жалб этиш мақсадида ушбу қадамжоларда кенг кўламли қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилиб, таҳоратхоналар қурилди, замонавий ахборот технологиялари, сенсор ахборот киосклари, янги музей ва кутубхоналар, озиқ-овқат расталаридан фойдаланилди.

Бундан ташқари, мамлакатдаги бошқа туристик масканларда зиёратчилар учун тегишли шарт-шароитлар яратилмоқда. Меҳмонхона ва ресторанларни "ҳалол" сертификатлаш жорий этилди. Республиканинг халқаро аэропортлари ва темир йўл вокзалларида намоз ўқиш ва таҳорат олиш учун махсус жойлар ташкил этилган. Шундай қилиб, масалан, "Умра +" дастури доирасида мустақил зиёратчиларни ёки сайёҳларнинг катта гуруҳини учратиш мумкин.

Халқаро миқёсда, хусусан, Дубай, Аланья, Қозон, Жакарта ва Сингапурдаги кўргазма ва анжуманлар доирасида мамлакатнинг ислом цивилизацияси маркази сифатидаги обрўсини юксалтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Туркиянинг TRT Avaz, Индонезиянинг Trans7, NetTV, SCTV,, Малайзиянинг AlHijrah, Сингапурнинг HalalTrip ва бошқа машҳур хорижий оммавий ахборот воситалари платформалари орқали ҳам тарғибот ишлари олиб борилди. Натижада, Mastercard – Crescent Rating Halal Travel Frontier 2020 ҳисоботида Ўзбекистон ислом меросини тиклаш орқали мусулмон сайёҳлик бозорида янги тенденцияни ўрнатган мамлакат сифатида дунёга эълон қилинди.
Афсуски коронавирус пандемияси Ўзбекистон туризм соҳасига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатди. Шунга қарамай, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан пандемия шароитида мамлакатда туризм соҳасини ривожлантириш ва пандемия билан боғлиқ муҳитнинг юмшаши билан сайёҳларнинг ташрифини жадаллаштириш йўналишида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Нашрда виза тизими бекор қилинган қатор мамлакатларда тарғибот ишларини жадаллаштириш мақсадида «Ўзбекистоннинг туризм бренди элчиси» институти жорий этилгани атрофлича ёритилди. Унга мувофиқ, Софи Ибботсон (Буюк Британия), Махд Асри Заинал Абидин (Малайзия), Хасиб Ур Раҳмон (Покистон), Эко Шри Маргианти (Индонезия) туризм элчиси ва зиёрат туризм элчиси мақомига эга бўлди.

Хусусан, сайёҳлар ташриф буюриши учун шароит ва қулайликлар яратиш, сайёҳлик объектларини реконструкция қилиш, ҳалол овқатланиш ва яшаш жойларини ташкил этиш, экскурсия зоналарини тайёрлашга катта эътибор қаратилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат. Республикада зиёрат туризмини изчил ривожлантириш мақсадида турли мамлакатлар мусулмонлари, яъни бўлажак зиёратчиларнинг республиканинг муқаддас жойлари ҳақида хабардорлигини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари мунтазам олиб борилмоқда.

Хусусан, виза режими бекор қилинган бир қатор мамлакатларда тушунтириш кампанияси самарадорлигини ошириш мақсадида "Ўзбекистон сайёҳлик бренди элчиси" институти жорий этилди. Унга мувофиқ, Софи Ибботсон (Буюк Британия), Махд Асри Заинал Абидин (Малайзия), Хасиб Ур Раҳмон (Покистон), Эко Шри Маргианти (Индонезия) туризм элчиси ва зиёрат туризм элчиси мақомига эга бўлди. Улар ўз мамлакатларида Ўзбекистоннинг ижобий қиёфасини тарғиб этиш, маҳаллий оммавий ахборот воситаларида турли мақола ва интервьюлар эълон қилиш ҳамда республикага сайёҳларни жалб этиш бўйича муҳим ишларни амалга оширмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда комил ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон туризмнинг барча йўналишларини ривожлантириш ва хорижий сайёҳларни жалб бўйича дунёда етакчи мамлакатлардан бирига айланмоқда.

Туризм соҳаси доимий изланиш, инвестиция ва замонавий технологиялардан самарали фойдаланишни талаб этади. Шу боис Ўзбекистон учун ушбу стратегик муҳим йўналишни янада ривожлантириш, республиканинг тарихий-маданий меросини пухта сақлаш ғоят муҳимдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1272 times

Янгиликлар

Top