Ўзбекистон янгиликлари

Замонавий масалаларга бағишланган муҳим асарлар тақдим қилинди

Шу йил 11 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида аллома Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшанийнинг “Жомиъ аҳком ас-сиғор” асарининг ўзбек тилидаги илк нашри ва "Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф" масжиди имом ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажиднинг “Йўл ҳаракати фиқҳи” китоби тақдимоти кенг жамоатчилик иштирокида бўлиб ўтди.

Маросим Қуръони карим тиловати ва дуолар ила бошланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари тадбирни очиб, икки муҳим асар нашр этилгани билан юртимиз илм аҳлларини, қолверса, маърифатли халқимизни самимий қутладилар. Дастлаб Муҳаммад Уструшанийнинг “Жомиъ аҳком ас-сиғор” асари XIII асрда таълиф этилган бола ҳуқуқлари борасидаги дунёдаги дастлабки асар экани, ўзбек тилига таржима қилинган ушбу китобда болаларнинг ахлоқий, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари қаторида оила, фарзанд тарбияси, покланиш, ибодат, мерос, шафелик каби масалаларга бугунги кунга мос изоҳ ва шарҳлар билан баён қилингани, асар содда ва халқчил, равон ва юқори илмий савияда ёзилгани билан ажралиб туришини айтиб ўтдилар.

Муфтий ҳазратлари нутқлари давомида “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжиди имом ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажиднинг Ислом динида йўл қоидаларига амал қилишга бағишланган “Йўл ҳаракати фиқҳи” китобининг нашр этилиши сўнгги вақтларда атрофимизда йўл-транспорт ҳодисалари кўпайиб бораётган бир вақтда айни муддао бўлганини алоҳида қайд этиб, ушбу икки асар муаллифининг келгуси саъй-ҳаракатларига улкан муваффақиятлар тиладилар.

Тақдимотда Халқаро ислом академияси профессори Зоҳидулло Мунавваров сўзга чиқиб иштирокчиларга “Жомиъ аҳком ас-сиғор” китоби тўғрисида гапириб, Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшанийнинг “Жомиъ аҳком ас-сиғор” асари XIX асрга қадар жаҳонда бу каби тўплам асар ёзилмагани ва болалар ҳуқуқларига 800 йил аввал Мовароуннаҳрда эътибор берилгани, Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жиззахлик фақиҳ Уструшанийнинг 1228 йилда ёзиб тугатган “Жомиъ аҳком ас-сиғор” асари илк ҳуқуқий манба экани, асарда фиқҳга оид юздан ортиқ китобларда тарқоқ ҳолда келган болаларга тааллуқли шаръий фатволар йиғилгани, бу асар дунёга келиши учун аллома Уструшаний Ҳанафий мазҳабидаги 120 дан ортиқ фақиҳларнинг фикрларини жамлагани, Уструшаний бола ҳуқуқларига оид 1289 та фатвони 45 та устувор йўналишга бўлган ҳолда таҳлил этгани тўғрисида кенг маълумот берди.

Маърифий тадбир давомида қатнашчилар эътиборига “Жомиъ аҳком ас-сиғор” асари мазмун-моҳиятига бағишланган видеолавҳа намойиш этилди.

Шундан сўнг Тошкент шаҳридаги “Сирож Солиҳ” жоме масжиди имом-хатиби Ҳасан домла Қодиров тақдимот қилинган иккинчи китоб “Йўл ҳаракати фиқҳи” ҳақида сўзлаб, ушбу китобни ўқиган киши йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш шаръан вожиб эканини англаб етиши, агар киши унга шаръий аҳком сифатида амал қилса, Ҳақ таоло ҳузурида ажру мукофот олиши ва турли зарарлардан ҳам сақланиши, одам йўлда ҳаракатланаётиб унда ўзга инсонларнинг ҳам ҳақи бор, унга хиёнат қилмаслик керак, деган мазмунда ёндошиши зарурлигини қайд этиб ўтди.

Шунингдек, тақдимотда Тошкент давлат транспорт университети профессори, техника фанлари доктори Қудратуллоҳ домла Азизов, меҳнат фахрийси Нуриддин Муҳиддинов, китобхон мухлис Мақсуд ҳожи ва бошқалар китоб ҳақида фикр мулоҳазаларини билдирди. Муаллиф Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид тадбир ташкилотчилари ва иштирокчиларига миннатдорлик изҳор этди.

Якунда Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан алломалар, жумладан, Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшаний ҳақларига хатми Қуръон бағишланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 420 times

Янгиликлар

Top