Ўзбекистон янгиликлари

Самарқандда зиёратчилар учун меҳмонхоналар 24 тага етказилади

Самарқанд туризм хабига айланади, дейди Самарқанд шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облоқулов, хабар бермоқда Zarnews.

- Аслида, ҳудудимиз қадимий тарихи ва меъморий ёдгорликлари туфайли дунё тан олган ҳақиқий музей шаҳар, - деди Б.Облоқулов. - Хусусан, бугунги кунда 14 та археология, 417 та меъморий, 36 та монументал ва 23 та диққатга сазовор жойлар, маданий мерос объектлари бор. Бу такрорланмас объектлар билан сайёҳларни таништириш учун қулай шарт-шароит яратиш, зиёрат туризмини жонлантириш, умуман, кўҳна кентнинг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган.

Мисол учун, 2021-2022 йилларда 100 та оилавий меҳмон уйлари, 30 дан ортиқ туроператорлик фаолияти, 120 та гид-экскурсия етакчиларини тайёрлаш, 33 та санитар-гигиеник шохобча фаолиятини йўлга қўйиш, 5 та туристик синфдаги автобус, 15 та микроавтобус, 6 та электромобиллар харид қилиш, 3 та туристик ахборот марказлари, 32 та Wi-Fi ҳудудлари ташкил этиш, 22 та замонавий йўл кўрсаткич белгилари ўрнатиш режалаштирилган.

Алишер Навоий ва Ислом Каримов кўчалари туризм кўчасига айлантирилади. Мавжуд 9 та ҳалол стандартидаги овқатланиш шохобчалари сони йил якунига қадар 15 тага етказилади. Мазкур йўналишда 30 га яқин меҳмонхоналар ишга туширилади. Шунингдек, зиёрат туризмига мослаштирилган 15 та меҳмонхона сонини 24 тага етказиш чоралари кўрилмоқда.
Умуман, туризм соҳасини ривожлантириш учун 2021-2022 йилларда қиймати 1,2 триллион сўмлик 44 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, 2021-2022 йилларда 127,6 миллиард сўмлик ички ва зиёрат туризми объектлари ҳамда ёндош инфратузилмаларни ривожлантириш бўйича манзилли чора-тадбирлар дастури лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Албатта, фақат шароит яратиш эмас, ташриф буюрувчилар учун янги имкониятлар кўзда тутилмоқда. Мисол учун, шаҳарда илк маротаба ёшлар сайёҳлик фестивали ва спорт сайёҳлиги йўналиши бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилди. Йил якунига қадар “Рамазон фестивали”, “II Халқаро гастрономик фестиваль”, “Silk Road Bazaar”, “Silk Road Congress”, “Ethnic Dance Championship”, “Sogdian Wine Festival” каби йирик тадбирлар ва ўндан ортиқ маданий-кўнгилочар тадбирлар ташкил этиш режалаштирилган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1183 times

Янгиликлар

Top