Ўзбекистон янгиликлари

Буюк аждодларимиз меросини ўрганиш ва тарғиб этиш кучайтирилади

Ўзбекистон Президентининг «Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармони лойиҳасида буюк аждодларимизнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш бўйича қатор вазифалар назарда тутилмоқда, деб хабар қилаяпти «Дунё» АА.

Ҳужжатга кўра, ИҲТ, ИРСИКА, АЙСЕСКО, ЮНЕСКО каби дунёнинг нуфузли халқаро ташкилотлари, илмий-тадқиқот марказлари ва университетлари билан ҳамкорликда «Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс» шиори остида халқаро конференция, симпозиум ва анжуманлар ташкил этилади.

Шунингдек, буюк аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросини кенг тарғиб қилиш мақсадида юртимиздан етишиб чиққан алломаларнинг 100 та асарининг халқчил таржимасини амалга ошириш, улар асосида илмий ва оммабоп рисолалар яратиш режалаштирилмоқда.

Фармон лойиҳасига мувофиқ, халқимиз тарихи, аждодларимиз бой илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш вазифалари кучайтирилади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1422 times

Янгиликлар

Top