Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон халқаро ислом aкадемияси талабалари Ўмон Султонлигида ўқишмоқда

Ўмон Султонлигида чоп этиладиган «Asdaa Oman» газетаси саҳифасида «Ўзбекистон Халқаро Ислом aкадемияси талабалари Манаҳ шаҳрида араб тилини ўрганишади» сарлавҳали мақола босилиб чиқди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Унда Тошкентдаги Ўзбекистон Халқаро Ислом академиясининг бир гуруҳ талабалари 2022 йилнинг 23 январидан 19 мартига қадар ажнабий тилларда сўзлашувчиларга араб тилини ўргатиш бўйича Султон Қобус коллежида таҳсил олиш учун Ўмон Султонлигининг Манаҳ шаҳрига етиб келишгани ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган.

Мақолада қайд этилишича, ўзбекистонлик талабалар икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш мақсадида йўлга қўйилган араб тилини ўрганиш курсларини ўташади.

Газетанинг маълум қилишича, бу коллеж томонидан 2021-2022 ўқув йили учун эълон қилинган тил ўрганиш курслари туркумининг учинчи давраси ҳисобланади. Дастлабки иккита курс масофадан туриб ташкил этилган бўлса, ушбу учинчи давра машғулотлари пандемия даврида ижтимоий масофа ва тавсия этилган эҳтиёт чоралари ҳисобга олинган ҳолда офлайн шаклда уюштирилди.

Ушбу ўқув тадбири Султон Қобус коллежи ташкил этилганидан бери ажнабий тилларда сўзлашувчиларга араб тилини ўргатиш мақсадида ўтказилаётган интенсив курсларининг 42 давраси ҳисобланади.

Коллеж дунёнинг турли мамлакатларидан талабаларни қабул қилиши анъана тусини олган. Ҳозирга қадар ана шундай давлатларнинг умумий сони 55 тага етди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1442 times

Янгиликлар

Top