Ўзбекистон янгиликлари

Ичанқалъа ЮНЕСКО тақвимига киритилди

Хиванинг Ичан-қалъа тарихий маркази Япония ҳукумати кўмагида Жаҳон мероси маркази томонидан жорий йилнинг январь ойида чоп этилган ЮНЕСКОнинг асосий йиллик тақвимига киритилди, деб хабар қилмоыда «Дунё» АА.

Тақвимда мазкур тарихий ансамблнинг ранг-баранг ва бир бирини такрорламайдиган фотосуратлари билан бирга француз, инглиз ва испан тилларида Ичан-қалъа ҳақида маълумот жойлаштирилган.

Ичан-қалъа Хивадаги ички шаҳар (10 м баландликдаги ғишт деворлар билан ўралган) экани, тарихда Эрон сари йўл олган карвонлар учун чўлни кесиб ўтишдан олдин сўнгги бекат вазифасини ўтагани таъкидланган.

«Шаҳарда кўплаб қадимий ёдгорликлар сақланиб қолинган. Шу сабабли у Марказий Осиё меъморчилигининг ажралмас ва яхши сақланиб қолган намунаси сифатида эътироф этилади, - дейилади ЮНЕСКО тақвимида. – Қадимий қалъа ичида Жума масжиди, мақбара ва мадрасалар каби бетакрор иншоотлар, шунингдек, 19 аср бошларида Хива хони Оллоқулихон томонидан қурилган иккита муҳташам сарой мавжуд».

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1286 times

Янгиликлар

Top