Ўзбекистон янгиликлари

Ҳаммамизга умрага бориш насиб этсин! (фотолавҳа)

Динимизда белгиланган ҳар бир амални ўз вақтида адо этиб, имкони етганидан ортиқ ишга буюрилмайди. Яқин-яқингача умра ва ҳаж амаллари каби муборак сафарлар кўпчилик юртдошларимиз учун етиб бўлмайдиган озру эди. Бутун дунё бўйича тарқалган пандемия сабабли орада умра ва ҳаж зиёратларига бориш тўхтаб қолган эди.

Милодий сана – 2022 йил ҳисобидан юртдошларимиз учун қувончли бошланди, деса хато бўлмайди. Айни йилдан бошлаб умра ва ҳаж зиёратларига боришга рухсат берилди. Бунинг учун ҳукуматимиз томонидан етарли шарт-шароит ва ташкилий ишлар йўлга қўйилди. Шу боис бу йилги умра зиёратини ташкиллаштиришда олдинги умра сафарлари тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, зиёратчиларга етарлича қулайлик яратиб берилмоқда.

Шу кунларда Тошкент шаҳри, Андижон, Самарқанд, Бухоро ва Тошкент вилоятидан зиёратчилар умра сафарга йўл олиб ибодатларини бажаришга киришганлар.

Ҳамюртларимиз Мадинаи мунавварага Масжидул Набавийда, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Равзаи мутоҳҳараларидан зиёратни бошлаш учун етиб бордилар. У ерда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салламга саволату саломлар айтишиб, намозларида хайрли дуолар қилиб, муборак зиёратни насиб этган Аллоҳ таоло беҳад шукрона айтдилар.

Мазкур зиёрат давомида Пайғамбаримизнинг завжаи мутаҳҳоралари, саҳоба икромлар қўним топган “Бақи” қабристонидаги ҳақларига дуолар қилиб чин ихлос билан зиёратга киришдилар. Барчанинг кўзида қувонч, қалбида муҳаббат, тилида эзгу дуо билан кейинги манзил томон йўл олинди.

Умра ибодатининг ўзига хос бир қанча фазилатлари бор.  Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилиб айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бир умра кейинги умрагача бўлган оралиқдаги гуноҳларга каффоратдир. Мабрур ҳажнинг мукофоти эса фақат жаннатдир (Имом Бухорий).

Муборак сафарда бўлиб турган юртдошларимизнинг бошқалари эса “Қубо” ва “Қиблатайн” масжидлари ва Ухуд, Арофат тоғи зиёратида бўлдилар.

Муборак сафарининг энг орзиқиб кутилган зиёрати эса Маккаи мукаррамада – Каъбаи муаззамада давом этди. Умрани адо этишда зиёратчиларимиз Каъбани етти марта тавоф этиб, Сафо ва Марва ўртасида саъй қилишиб, соч олдиришди. Бу амалларни бажарганларидан кейин эҳромдан чиқадилар.

Хусусан, юз эликка яқин самарқандлик зиёратчилар ҳам Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов бошчилигида умра амалларини адо этмоқдалар. Уларнинг ибодатлари мукаммал бўлишида Зайниддин домланинг йўл-йўриқлари, амри маъруф ва наҳйи мункарлари яхшигина асқатди.

Юртимиздан борган бир гуруҳ зиёратчилар муборак умра сафарини адо этиб изларига қайтишлари билан бошқа гуруҳ зиёратчиларимиз уни давом эттирадилар.

 Аллоҳ таоло барча зиёратчиларимизнинг дуоларини қабул этиб, ибодатларини мақбул қилсин. Муқаддас заминга боришни ният қилган барча юртдошларимизга умра ва ҳаж сафарларини насиб қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1458 times

Янгиликлар

Top