Ўзбекистон янгиликлари

“Сиз ЮНЕСКОнинг ҳимоя ҳудудида турибсиз”

Самарқанд шаҳрида ана шу ёзув акс этган харита кўрсаткичлар ўрнатилди, деб хабар бермоқда “Зарафшон” нашри.

Самарқанднинг тарихий маркази ва унга алоқадор ёдгорликлар 2001 йилда “Маданиятлар чорраҳаси” номи билан ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Ушбу ҳудудлар инсоният бойлиги сифатида асраб-авайланади. Бу тарихий ёдгорлик ва иншоотлардан фойдаланиш, таъмирлаш ва реставрация ишларини олиб бориш юзасидан белгиланган тартиб, меъёрлар бор. Уларга амалга қилиш мажбурий ҳисобланади.

– Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги “Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида Самарқанд шаҳрининг ЮНЕСКО ҳимоясидаги тарихий қисми буфер ва қўриқланувчи ҳудудида видеокузатув камералари, объект тўғрисида маълумот, ҳудуд харитаси, ҳимоя зонасида ташриф буюрувчиларнинг мажбуриятлари, ушбу қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик тўғрисида маълумот, шу жумладан, QR-код орқали топиш имкониятини берадиган маълумотларни интернетга жойлаштириш, ахборот бурчакларини ўрнатиш бўйича топшириқлари берилган, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари-туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Р.Қобилов. – Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 23 февралдаги 4999-сонли қарорида ҳам Самарқанд вилояти ҳокимлигига ЮНЕСКО томонидан ҳимояга олинган буфер ва ҳимоя зоналарининг чегаралари тўғрисида ахборот берувчи кўрсаткичларни ўрнатиш вазифаси юклатилган эди. Ана шу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида бугунги кунда Самарқанд шаҳрида 55 та харита кўрсаткичлари ўрнатилди. Уларда буфер ва ҳимоя зоналарининг чегаралари белгиланган харита, ҳудудда жойлашган тарихий бино ва иншоотлар, яқин атрофдаги обидалар ҳақида маълумотлар жойлаштирилган. Шунингдек, ҳар бир ахборот-кўрсаткичда QR-код мавжуд ва у орқали объект тўғрисида маълумот олиш мумкин.

Яна бир янгилик – шаҳарнинг Йўлбарслар хиёбонида Соҳибқирон Амир Темур Самарқандда бунёд этган боғлари ҳақида маълумот берувчи лавҳалар ўрнатилди. Ўзбек, рус ва инглиз тилида ёзилган бу маълумотлар орқали маҳаллий ва хорижий сайёҳларга буюк жаҳонгирнинг боғ яратиш санъати бўйича қимматли маълумотларга эга бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, ЮНЕСКО раҳбари Одри Азуле хонимнинг 2019 йилда Самарқандда ўтказилган “Маданий меросни асраш ҳафталиги” тадбирига ташрифи доирасида шаҳарда ЮНЕСКО ҳимоясидаги ҳудуд ва тимсол сифатида “Қора тош” ўрнатилган эди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1178 times

Янгиликлар

Top