Ўзбекистон янгиликлари

Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Сўнгги йилларда мамлакатимизда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолиятининг ташкил этилиши ўзбек заминида таваллуд топиб, илмий фаолият олиб борган буюк аллома ва мутафаккирлар меросини илмий тадқиқ этиш ва унинг натижаларидан амалий фойдаланиш жараёнида янги босқични бошлаб берди.

Янги Ўзбекистон тараққиётининг бугунги босқичида улуғ аллома ва мутафаккирларимизнинг кўплаб бебаҳо асарларини, ноёб ёзма манбаларни сақлаш, ўрганиш ва келажак авлодга безавол етказиш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш муҳим аҳамият касб этади.

Халқимизнинг бебаҳо мулки ҳисобланган ноёб ёзма ва тошбосма меросни сақлаш ва тадқиқ қилиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда бу жараёнга рақамли технологияларни кенг жорий этиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5186-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қадимий ёзма манбаларни марказлашган ҳолда сақлаш, тадқиқ этиш, уларнинг ҳолатини доимий мониторинг қилиш бўйича масъул давлат муассасалари этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази (кейинги ўринларда – Марказ), Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти (кейинги ўринларда – Шарқшунослик институти) ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг (кейинги ўринларда – Миллий кутубхона) жамоатчилик учун очиқ бўлган Қадимий ёзма манбалар давлат реестрини (кейинги ўринларда – Давлат реестри) шакллантириш ва давлат тасарруфидаги музейлар, кутубхоналар ва архив фондлари фаолиятига интеграция қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Марказ Давлат реестрини шакллантириш ва юритиш, шунингдек, қадимий ёзма манбаларни босқичма-босқич рақамлаштириш учун масъул давлат муассасаси этиб белгилансин.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Марказ:

республика ҳудудидаги барча музейлар, кутубхоналар ва архив фондларида сақланаётган қадимий ёзма манбаларнинг давлат реестрини тузади ва доимий мониторингини юритади;

Давлат реестри асосида қадимий ёзма манбаларнинг турлари бўйича (қўлёзма, тошбосма манбалар, тарихий ҳужжатлар) каталоглари ва электрон нусхаларини яратади, уларни Қадимий ёзма манбалар давлат реестрини юритиш бўйича ягона ахборот тизимига киритиш ҳамда мунтазам тўлдириб бориш чораларини кўради;

Марказ ва Шарқшунослик институтида марказлашган ҳолда сақланадиган ва Давлат реестрига киритилган қадимий ёзма манбаларнинг ҳолати, доимий мониторинг ва тадқиқ этилиши натижалари ҳақидаги маълумотларнинг мунтазам равишда махсус порталлар ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинишини таъминлайди;

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти билан биргаликда қадимий ёзма манбаларнинг консервацияси ва реставрацияси билан шуғулланаётган соҳа ходимларининг мунтазам равишда касбий салоҳияти ва малакасини ошириш, шунингдек, соҳа учун етук мутахассис кадрларни тайёрлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.

4. Марказ:

а) бир ой муддатда Туризм ва спорт вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси ва “Ўзархив” агентлиги билан биргаликда Қадимий ёзма манбалар давлат реестрини юритиш бўйича ягона ахборот тизимини (кейинги ўринларда – ягона ахборот тизими) яратиш концепцияси ва техник топшириқ лойиҳасини ишлаб чиқсин ҳамда лойиҳа техник ҳужжатларининг белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилишини таъминласин;

б) икки ой муддатда:

Шарқшунослик институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Маданий мерос агентлиги ва “Ўзархив” агентлиги билан биргаликда Қадимий ёзма манбалар давлат реестри тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

республика ҳудудидаги музейлар, кутубхоналар, архив фондлари ва бошқа муассасаларда сақланаётган қадимий ёзма манбаларнинг илмий долзарблиги ва муҳимлигига қараб, уларни таржима ва тадқиқ қилиш жадвалини ишлаб чиқиб, тасдиқласин ҳамда халқчил тилда босқичма-босқич нашр этилишини йўлга қўйсин.

5. Вазирлар Маҳкамаси Марказ билан биргаликда:

икки ой муддатда давлат тасарруфидаги музейлар, кутубхоналар, архив фондлари ва бошқа муассасаларда сақланаётган қадимий ёзма манбаларни Марказ тасарруфига ўтказиш бўйича режани тасдиқлаб, босқичма-босқич амалга оширсин;

Марказга сақлаш ва тадқиқ қилиш учун олиб келинган қадимий ёзма манбаларнинг тегишли (ҳудудий, идоравий, шахсий ва бошқа) мансублигидан келиб чиқиб, алоҳида коллекция ҳолида муҳофаза қилинишини таъминласин;

режа-график асосида хорижий мамлакатларга илмий экспедициялар уюштириш орқали аҳоли ва турли фондларда сақланаётган юртимиз алломалари ва мутафаккирларининг ижодига мансуб бўлган қадимий ёзма манбаларнинг каталогларини ва электрон нусхаларини аниқлаш, Марказ фондига олиб келиш ва илмий муомалага киритиш чораларини кўрсин;

икки ой муддатда жисмоний ва юридик шахслардан қадимий ёзма манбаларни харид қилиш, уларни давлат тасарруфига топшириш механизмларини ишлаб чиқсин.

6. Марказ ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Қадимий ёзма манбаларни консервация ва реставрация қилиш лабораторияси (кейинги ўринларда – Лаборатория) ташкил этилсин ва Лаборатория томонидан ўтказиладиган тадқиқот синовларининг асосий йўналишлари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилаб қўйилсинки:

Лаборатория республика ҳудудидаги музейлар, кутубхоналар ва бошқа муассасаларнинг архив фондларида, жисмоний ва юридик шахсларда сақланаётган қадимий ёзма манбаларни уларнинг буюртмаси асосида таъмирлаш ишларини амалга оширади;

қадимий ёзма манбаларни таъмирлашдан тушган маблағлар Марказ ва Лаборатория фаолиятини ривожлантиришга сарфланади;

Лабораторияни ташкил этиш, зарур асбоб-ускуналар, бутловчи материаллар билан таъминлаш ва уларни ўрнатиш, шунингдек, ўз ташаббусига кўра Марказ фондида сақланаётган қадимий ёзма манбаларни таъмирлаш билан боғлиқ харажатлар Марказ учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) маблағлари, халқаро молия институтлари ва ташкилотларининг техник кўмак маблағлари (грантлари) ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;

Лаборатория фаолиятига ёзма манбалар консервацияси ва реставрацияси йўналишида етарли даражадаги билим ва иш тажрибасига эга бўлган малакали мутахассислар Марказ томонидан Жамғарма ҳисобидан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида жалб қилинади.

Лаборатория Тошкент шаҳар, Абдулла Қодирий кўчаси, 11-уй манзилидаги Ўзбекистон халқаро ислом академияси биносига бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида вақтинча жойлаштирилсин.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Б.Абидов, Ш.Вафаев) Лаборатория фаолияти учун халқаро молия институтлари ва ташкилотларининг техник кўмак маблағлари (грантлари)ни жалб қилишга кўмаклашсин.

7. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси:

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида “Қадимий ёзма манбалар консервацияси ва реставрацияси” таълим йўналишида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйсин;

Шарқшунослик институти ва Марказ билан биргаликда икки ой муддатда республикадаги илмий марказлар, музейлар, кутубхоналар ва бошқа муассасаларнинг қўлёзма фондларидаги ҳолатни ўрганиб, манбашунос-реставраторларга бўлган мавжуд эҳтиёжни аниқласин ҳамда 2022/2023 ўқув йили учун таълим йўналишига квота ажратиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

8. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат шарқшунослик университети, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Бухоро давлат университети ва Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Матншунослик ва адабий манбашунослик” таълим йўналиши ва мутахассислиги бўйича бакалавриат ва магистратура босқичлари учун зарур квоталар доимий ажратиб борилишини таъминласин.

Белгилансинки:

“Матншунослик ва адабий манбашунослик” ҳамда “Филология ва тилларни ўқитиш (мумтоз филология)” таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича талабаларнинг ўқув жараёни, амалиёти, диплом иши ва магистрлик диссертациялари ҳимоялари Шарқшунослик институти, Марказ, Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи ва бошқа қўлёзма фондларида соҳанинг етук мутахассислари ва олимлари иштирокида ўтказилади;

Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Матншунослик ва адабий манбашунослик” таълим йўналиши бўйича таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади.

9. Инновацион ривожланиш вазирлиги уч ой муддатда:

Марказ, Шарқшунослик институти, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази учун қадимий ёзма манбаларни ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси белгиланган тартибда шакллантирилишини;

илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажариладиган мақсадли илмий лойиҳаларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан маблағлар ажратилишини таъминласин.

10. Марказ Шарқшунослик институти, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, “Эл-юрт умиди” жамғармаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда 2022 йилдан бошлаб қўлёзмаларни сақлаш ва тадқиқ этиш билан шуғулланувчи илмий ходим ва реставраторларнинг ҳар йили хорижда амалиёт ўташи ва стажировкасини ташкил этиш чораларини кўриб борсин.

Илмий ходим ва реставраторларнинг хорижда амалиёт ўташи ва стажировкаси буюртмачи ташкилотлар учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида, шунингдек, бюджетдан ташқари маблағлар ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ташкил этилиши белгилаб қўйилсин.

11. Мамлакатимиз ҳудудида яшаб ўтган буюк аллома ва мутафаккирларнинг илмий меросини аҳоли, айниқса, ёшлар орасида янада оммалаштириш, улар тўғрисидаги маълумотларни замонавий усуллар орқали жамоатчиликка етказиш, шунингдек, мазкур йўналишда олиб бориладиган тадқиқотлар учун янада қулай имкониятлар яратиш мақсадида Интернет жаҳон ахборот тармоғида Юртимиз алломалари ва мутафаккирларининг ҳаёти ҳамда маънавий мероси ҳақидаги илмий-маърифий портал (кейинги ўринларда – илмий-маърифий портал) ва унинг мобиль иловаси ишга туширилсин.

Белгилаб қўйилсинки, Давлат реестрини шакллантириш, илмий-маърифий портал ва унинг мобиль иловасини ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар Марказ учун Давлат бюджетида назарда тутилган мақсадли маблағлар ҳамда кейинчалик уни сақлаш ва фаолиятини таъминлаш билан боғлиқ харажатлар Жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади.

12. Қуйидагилар:

а) Марказ Миллий кутубхона, Кинематография агентлиги ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда:

илмий-маърифий порталнинг ишга туширилишини;

илмий-маърифий порталга буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти, илмий мероси ҳақидаги маълумотлар, уларнинг фаолиятига оид чоп этилган китобларнинг электрон нусхалари, фильмлар ҳамда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган бошқа турдаги маълумотлар жойлаштирилишини;

б) Ёшлар ишлари агентлиги Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Марказ ва Миллий кутубхона билан биргаликда икки ой муддатда ҳудудларда ёшлар етакчилари томонидан буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ҳамда илмий меросини ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш бўйича маҳаллалар кесимида “йўл харита”лари ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини таъминласин.

13. Шарқшунослик институти, Марказ, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ЮНЕСКО, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом олами ташкилоти (ICESCO), Ислом тарихи, маданияти ва санъатини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) каби нуфузли халқаро ташкилотлар ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликда анъанавий тарзда қадимий ёзма манбаларни муҳофаза қилиш ва тадқиқ этишнинг долзарб масалаларига бағишланган халқаро конференцияни ташкил этсин.

14. Марказ Фанлар академияси ва Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда 2022 йил якунига қадар Марказий Осиё минтақаси доирасида қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш соҳасида қўшни давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

15. Марказ ва Фанлар академияси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш соҳасини янада ривожлантириш мақсадида Ислом тараққиёт банки ва бошқа жамғармалар, донор ташкилотларнинг беғараз маблағлари ҳамда ёрдамларини жалб этиш чораларини кўрсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5186-сон қарорига 2-иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.

17. Марказ манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

18. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси М.М.Камилов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

      Президенти                                                                                      Ш.МИРЗИЁЕВ

Read 1468 times

Янгиликлар

Top