Ўзбекистон янгиликлари

Гуллар шаҳрига қутлуғ ташриф

Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинким, муборак ойни тинчлик, меҳр-оқибат, ўзаро ҳамжиҳатлик, ҳиммат ва саховат каби анъаналаримиз тобора мустаҳкам қарор топаётган бир шароитда, кўтаринки руҳ билан кутиб олдик. 

Муборак Рамазон ойи  ўзининг хайру баракаси, саховати, мўл-кўл эҳсонларини шукуҳ билан юртимиз узра тараннум этмоқда. Бу ой юртимиз аҳлига сурур ва фарахлар  бахш этмоқда.

Вилоятимиздаги барча масжидларда таровиҳ ва хатми Қуръонлар ўтказилмоқда. Намозхонлар масжидларда қориларнинг Қуръон ўқиб беришларини мароқ билан эшитмоқдалар. Қайси бир масжидга назар солсангиз муборак Рамазон ойи шукуҳи давом этмоқда. Таровиҳ намозларида  қатнашаётган кексалар билан суҳбат қилсангиз кўзларида миннатдорчилик ёши балқиганини кўриб Яратганга шукроналар келтирасиз.

Ана шундай неъматлар ичида энг улуғларидан бири тинчлик ва осойишталик неъматидир. Тинчлик ва хотиржамлик бўлган юртда ривожланиш, тараққиёт бўлади. Ибодатлар тинч ва осойишталик билан адо этилади. Эл-юртимиз узра бахту-саодат тараннум этади.  

Аллоҳ таоло Наманган аҳлига яна бир неъмат инъом этди. Боиси 4 июнь куни Наманган шаҳридаги “Шайх эшон” жоме масжидига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ташриф буюрдилар. Бу ташриф масжидга ўзгача тароват бахш этди, масжид аҳлининг боши кўкка кўтарилди.    

Муфтий ҳазратлари таровиҳ намозидан сўнг муборак Рамазон ойининг фазилатлари ва диний соҳада эришилаётган ютуқлар, истиқлол шукронаси мавзуларида маъруза қилиб, Рамазон ойи  юртимиз учун барокатли ва хайрли, она Ватанимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ҳаётимиз эса фаровон бўлишини сўраб дуолар қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилояти вакиллиги

*   *   *

Эслатиб ўтамиз, вакилларимизнинг Андижон шаҳрига ташрифлари давом этмоқда. Бугун Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари Андижон шаҳридаги “Жиддаи Муборак”, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Абдулҳамид Турсунов “Мирпустин”, Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар Қаюмов “Пистамозор” жоме масжидларида таровиҳ намозларини адо этиб, намозхонларни муборак Рамазон ойи билан самимий қутлаб, эзгу дуолар қилишди.

Read 4727 times

Янгиликлар

Top