Ўзбекистон янгиликлари

“Сўфон” масжиди диний идора кўмаги билан қайта бунёд этилди

Аллоҳнинг байти – масжидларни обод қилишга бугун ҳар қачонгидан ҳам эътибор кучайган. Чунки бу маърифат масканлари мўмин-мусулмонларнинг илмини ошириш, билимини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Шу йил, 23 февраль куни “Сўфон” жоме масжидининг янги биносининг очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, Қувасой шаҳар бош имом-хатиби Алишер домла Наимов ҳамда шаҳар имом-хатиблари иштирок этди.

Қувасой шаҳрининг Сўфон қишлоғида жойлашган “Сўфон” жоме масжидининг илк биноси 1989-1990 йилларда қурилган. Масжиднинг бино ва иншоотлари ўша вақт учун муносиб бўлсада, бироқ бугунги кунга келиб замонавий архитектура талабларига жавоб бермас, қолаверса, намозхонлар учун ҳам шарт-шароитлар айтарлик даражада эмас эди.

Масжид янгитдан – замонавий архитектура талаблари асосида, намозхонлар учун хавфсиз ва қулай имкониятларни эътиборга олган ҳолда қуриб битказиш ҳақидаги қарорини Ўзбекистон мусулмонлари идораси қўллаб-қувватлаши натижасида ҳозирда “Сўфон” жоме масжиди қайта бунёд этилди.

Жоменинг аввалги биносида 400 киши ибодат қилиб келган бўлса, эндиликда унинг ўрнига 1500 кишини ўз бағрига сиғдира оладиган ибодатгоҳ қад кўтарди. Янги жомега мос тарзда замонавий таҳоратхона ҳам қурилди. Поклик масканида барча шарт-шароит яратилган.

Убайдуллоҳ домла Абдуллаев бошчилигида бир гуруҳ аҳли илмлар мазкур жомеда пешин намозини адо этиб, жамоат билан дилдан суҳбатлашдилар. Суҳбат асносида диёримизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, кўплаб масжидларнинг янгитдан қурилаётгани, жумладан, «Сўфон» жоме масжидининг қисқа фурсатда қайта бунёд этилгани ҳам бунинг намунаси экани таъкидланди. Шунингдек, ушбу жомени қайта қуришда ўз ҳиссасини қўшганлар, айниқса, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, хусусан муфтий ҳазратларининг кўмаги катта бўлгани қайд этилиб, улар ҳақига дуо қилинди. Вакиллик томонидан масжид кутубхонаси учун диний-маърифий мазмундаги китоблар жамланмаси совға қилинди.

Аллоҳ таоло янги масжидни қувасойликлар учун илм-марифат ва тарбия маскани бўлишини насиб қилсин!

Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

Read 1605 times

Янгиликлар

Top