Ўзбекистон янгиликлари

“Вақф” хайрия жамоат фондида тўпланган маблағлар қаерга сарфлангани очиқланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда “Вақф” хайрия жамоат фонди ахборот хизмати раҳбари Саидаброр Умаров кўрсатилган ёрдам ва хайрия ишлари ҳақида маълумот берди.
Қайд этилишича, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан имконияти чекланган шахсларни моддий қўллаб-қувватлаш, уларга пул маблағи, кийим-кечак, озиқ-овқат, зарур маиший ҳамда тиббий техниклар ва бошқа турдаги хайриялар учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 1 миллиард 76 миллион сўмлик маблағ ажратилган.
Шунингдек, моддий ёрдамга муҳтож аммо, касб-ҳунарга эга фуқаролар учун ўтган 2021 йилда “ВАҚФ кўмаги” лойиҳаси ташкил этилиб, юртимизнинг 6 вилоятидан 200 дан ортиқ фуқароларга касб-ҳунаридан келиб чиқиб, қандолат печи, тикув машинаси, чилангарлик ва пайвандлаш ускуналари хайрия қилинган.
ЎзА хабарига кўра, натижада 200 дан ортиқ хонадон ўз даромадига эга бўлишни бошлади. Мамлакатимизнинг олис ва чекка ҳудудларидаги ичимлик сувига муҳтож 150 мингга яқин аҳоли қатлами учун 80 га яқин артезиан қудуқлари қазиб чиқарилиб, хайрия ишлари амалга оширилган. Мутахассиснинг сўзларига кўра, 2018 йилдан айни вақтга қадар фонд томонидан имконияти чекланган фуқаролар учун 221 дона ногиронлик аравачалари хайрия қилинган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1546 times

Янгиликлар

Top