Ўзбекистон янгиликлари

Умра зиёрати бўйича хабарнома

Сўнгги йилларда, барча соҳалар қатори, диний-маърифий жабҳада, хусусан, ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Давлатимиз Раҳбарининг ташаббуслари ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида республикамиз ҳудудларида умра навбатларининг сезиларли даражада камайишига эришилди.

Қувонарли жиҳати, “COVID-19” пандемияси сабаблитўхтаб қолган Умра зиёрати, узоқ муддатли танаффусдан сўнг, катта қувонч билан яна қайта йўлга қўйилди.Шу йилнинг 22 январь куни зиёратчиларимизнинг дастлабки гуруҳлари Саудия Арабистонига жўнатилди.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда “Умра-2020” мавсумида сафар харажатларини тўлиқ амалга оширган, лекин “COVID-19” пандемияси сабабли зиёратга бора олмаган фуқароларимиз Умра зиёратига юборилмоқда.

Шу йилнинг 17 март ҳолатига 21 мингдан ортиқ зиёратчи,
Саудия Арабистонига жўнатилиб, улардан 16 минг нафардан зиёдроғи умра амалларини тўлиқ адо этиб, Ўзбекистонга қайтиб келдилар.

Ҳозирда 5 минг 600 нафарга яқин зиёратчи Саудия Арабистонида Умра зиёратларини амалга оширмоқда.

Маълумки, ҳозирги кунда Саудия Арабистонида “COVID-19” пандемияси билан боғлиқ ўрнатилган карантин талаблари аста-секин юмшатилмоқда.

Хусусан, жорий йил 5 март кунидан эътиборан, Подшоҳликка ПЗР тест жавобисиз кириш ҳамда оралиқ масофани сақлаш тартиби бекор қилинди. Яна бир қувонарли жиҳати – эндиликда Саудиядан Ўзбекистонга келаётган зиёратчиларимиздан ҳам ПЗР тести талаб этилмайдиган бўлди.

Шунингдек, Саудия Арабистони ҳукумати томонидан барча давлатлар, хусусан, Туркия, Малайзия, Индонезия, Эрон ва Миср каби йирик мусулмон мамлакатларига Умра зиёратини ташкил этишга рухсат берилди.

Бу, ўз навбатида, ҳозирги кунда Саудия Арабистонида меҳмонхона ва бошқа турдаги сервисларга талаб ошишига, хусусан, Рамазон ойида ташкил этиладиган Умра тадбирларининг нарх-навосига ҳам таъсир кўрсатишига сабаб бўлади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3059 times

Янгиликлар

Top