Ўзбекистон янгиликлари

Саҳобалар ҳаёти: Рабиъ ибн Зиёд Ҳорисий

Рабиъ ибн Зиёд Ҳорисий – узоқни кўра оладиган, жангчи ва моҳир чавандоз, буюк саҳоба.У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг Исломга киради.

Рабиъ ибн Зиёд Ҳорисий Абу Бакр розийаллоҳу анҳу халифалиги даврида икки ярим йил Баҳрайнда яшайди. Шу пайтда халифа вафот этади. Бутун мусулмонлар маҳзун эдилар. Халифалик эса Умар ибн Хаттобга ўтаётган эди. Турли жойлардан мусулмонлар жамоаси Умар ибн Хаттобга байъат беришга келишаётган эди. Бир куни эрта тонгда Баҳрайндан бир гуруҳ мусулмонлар ҳам байъатга келишди. Уларнинг орасида Рабиъ ибн Зиёд ҳам бор эди.  Халифа Умар розийаллоҳу анҳу келганларнинг фикрини эшита бошладилар. Юзида яхшилик аломати бўлган бир кишига: “Нима гапинг бор?” деди. У киши Аллоҳ таолога ҳамду сано айтди. Сўнг Умар розийаллоҳу анҳуга: “Эй мўминлар амири, бу умматга бош бўлганингиз синовдир. Бу ишда Аллоҳга тақво қилинг. Билингки, агар Фуротнинг бўйида бир қўй йўқолса ҳам, қиёмат куни у ҳақда сўраласиз”, деди. Шунда мўминлар амири йиғлаб юборди ва: “Халифаликка тайинланган кунимда менга сендек ҳеч ким ишонмади. Сен кимсан?” деб сўради. У киши: “Мен Рабиъ ибн Зиёд Ҳорисийман”, деди. Умар розийаллоҳу анҳу: “Муҳожир ибн Зиёднинг укасимисан?” деди. У “Ҳа”, деб жавоб берди.

Умар розийаллоҳу анҳу Абу Мусо Ашъарийга: “Рабиъни синаб кўринг, агар у ростгўй бўлса, ундан бизга яхшилик кўп”, деди. Бу воқеадан кўп ўтмай, Абу Мусо Ашъарий розийаллоҳу анҳу Аҳвазни фатҳ этиш учун қўшин тўплади. Бу қўшин сафида Рабиъ ибн Зиёд ва унинг акаси ҳам бор эди.

Мусулмонлар ва Аҳвазнинг фатҳ этилиши,оғир йўқотишлар.Бу жангда мусулмонлар катта талафот кўрдилар. Ярадор ва шаҳидлар кўп бўлди. Жанг Рамазон ойида бўлгани боис барча аскарлар рўзадор эди. Буни кўрган Муҳожир Аллоҳнинг розилиги учун ўз нафсини сотмоқчи бўлди. Шунда Рабиъ ибн Зиёд Абу Мусо Ашъарийнинг ҳузурига бориб: “Муҳожир ўз нафсини сотишга қарор қилди. У рўзадор”, деди. Абу Мусо Ашъарий тўхтаб: “Эй мусулмонлар, ҳар бир мусулмон ифтор қилсин ёки урушни тўхтатиб, одамлар ичадиган кўзадан сув ичсин”, деб буюрди. Муҳожир қўмондоннинг буйруғига итоат этиб, бир қултум сув ичиб олға юрди. Душман сафини ёриб кирди. Душманлар ҳар тарафдан ўраб олиб, ўлдиришди. Жасадини жанг майдонига қараган айвонга осиб қўйишди. Рабиъ унга қараб: “Сенга жаннат ва яхши оқибат муборак бўлсин. Аллоҳга қасам, мен, иншоаллоҳ, сен ва ўлдирилган мусулмонлар учун қасос оламан”, деди.

Рабиъ ибн Зиёднинг шижоати. Ушбу жангда Абу Мусо Ашърий Рабиъ ибн Зиёднинг жасоратини кўриб, ушбу қўшинга уни қўмондон қилади. Ўзи эса халифанинг амри билан Сувс[1]ни фатҳ қилишга кетади. Рабиъ ибн Зиёд бошчилигидаги қўшин Аллоҳнинг иродаси ила мушриклар устидан ғалаба қозонди. Мусулмонлар бу тўқнашувда оғир қийинчиликларга дуч келган бўлишса-да, сўнгра форслар устидан катта ғалабага эришдилар. Бу ғалабадан сўнг Рабиъ ибн Зиёднинг номи тилларда достон бўлди. Шу боис мусулмонлар Сижистонга (Афғонистон) юриш қилаётганда ҳарбий қўшинга уни қўмондон этиб сайлашди ва Аллоҳнинг йўлида ғазотга йўл олишди. Биринчи бўлиб чиройли ва ҳашаматли қалъалар билан ўралган Рустоқ[2]га келишди. Рабиъ бир неча аскарларни маълумот олиб келиш учун у ерга яширин тарзда юборади. Шу маълумотлар асосида ғазот режасини ишлаб чиқади. Тез орада бу қавмда байрам бўлишини аниқлашади. Байрамни кутишади ва шу кеча ҳужум қилишади. Улардан йигирма минг одамни асирга олишади. Асирларнинг орасида уч минг нафар қул бўлиб, улар ушбу шаҳар волийси учун олиб келинган эди.

Аскарлар бир асирни ушлаб, Рабиънинг ҳузурига олиб келишди. Рабиъ ундан сўради: “Бу бойликлар қаердан келди?” Асир: “Мавлойимизнинг бир қишлоғидан келди”, деди. Рабиъ унга: “Бир қишлоқдан ҳар йили шунча мол келадими?” деди. У: “Ҳа, шундай”, деди. Рабиъ: “Қандай қилиб?” деди.У: “Қуролимиз ва меҳнатимиз билан”, деди.

Жанг тугагач, қишлоқ волийси ўзини ва аҳлини Рабиъга таслим этди. Шунда Рабиъ волийга: “Ўзингни қутқаришинг учун мусулмонларга фидя бер”, деди. Волий: “Қанча истайсиз?” деди. Рабиъ: “Ерга бир найза суқаман. Шу найзани кўмгунча унинг устидан олтин ва кумуш тўкасан”, деди. У рози бўлиб, хазинасидан олтин ва кумуш олиб чиқиб, найза устидан  тўка бошлади...

Рабиъ ибн Зиёд ўзининг ғолиб қўшини билан Сижистон заминига кирди. Дарахтларнинг барглари куз шамолида тўкилганидек, қалъалар отларнинг туёғи остига туша бошлади. Мусулмон аскарлари Сижистон пойтахти Заранж шаҳрига етиб боргунча, шаҳар ва қишлоқ аҳли уларга қилич кўтармасларидан аввал ўзлари таслим бўлишди.

Қараса, душман унга қарши тайёрланган экан (бир қисм қўшинни тайёрлаган), уни кутиб олиш учун жангчиларни ҳозирлаган. Олдинроққа тезкор қўшин юбориб, душманни Заранж шаҳрига киритмаслик учун қанча қурбон бериб бўлса ҳам, унинг қўшинини Сижистонга юришини тўхтатишга қатъий аҳд қилган экан.

Кейин Рабиъ аскарлари ва душманлар ўртасида шиддатли жанг бўлди. Икки томонда ҳам қурбонлар кўп бўлди. Бу жангда мусулмонлар ғалаба қозонишди. Жангда мусулмонларнинг қўли баланд келганининг биринчи белгиси мирзабон (қавм бошлиғи) куч-қувватлари батамом йўқ бўлмасдан Рабиъга таслим бўлишга қавмини чақирди. Бу қарор ўзи ва аҳли учун энг афзал йўл эди. Шунда мирзабон Рабиънинг ҳузурига сулҳ тузиш мақсадида бир элчи юборади. Рабиъ ибн Зиёд Парвизни кутиб олиш учун жой тайёрлашни буюради. Мажлисда улардан ҳалок бўлган форс аскарларининг жасадларини йиғишни сўрайди. Парвиз келадиган йўлнинг икки тарафига форс аскарларининг жасадлари уйилган эди.

Рабиъ ибн Зиёд баланд бўйли, келишган, кўркам, ҳайбатли киши эди. Парвиз уйиб қўйилган жасадларни кўриб қўрқиб кетди. Сўнг Рабиънинг ҳузурига кириб, унинг ҳайбатидан чўчиб, ёнига бориб, қўл бериб кўришишга ҳам ботина олмади. Титроқ оҳангда Рабиъга: “Сизга минг ғулом ва ҳар бирининг бошида бир коса тилла бераман. Шунинг эвазига сулҳ тузишга розимисиз?” деди. Рабиъ бу таклифни қабул қилди ва ўзаро тинчлик сулҳини тузишди. Зафар қучган Рабиъ ибн Зиёд мусулмон аскарларининг такбири ва таҳлили остида Мадинага кириб борди...

Шундан сўнг Рабиъ ибн Зиёд мусулмонларнинг қиличига айланиб, Ислом динини ёйиш йўлида катта жасорат кўрсатди. Кўплаб шаҳарларни фатҳ қилиб, уларга волийлик қилди. Бошқарув умавийлар қўлига ўтганидан сўнг, Муовия ибн Абу Суфён уни Хуросонга волий этиб тайинлайди. Лекин Рабиъ ибн Зиёд бу ерга волий бўлганидан хурсанд бўлмади... Айниқса, умавий қабиласининг киборларидан бирининг: “Мўминларнинг амири Муовия ибн Абу Суфён сенга олтин ва кумушни байтулмол учун сақлаб қўйишингни ва қолган ўлжаларни мужоҳидларга тақсимлаб беришингни амр қилган”, деб ёзгантмактуби Рабиъни ғазаблантирди. Сўнг Рабиъ унга: “Сен мўминлар амири тилидан буюрган амрлардан бошқа амрларни Аллоҳ таолонинг китобидан топдим”, деб жавоб йўллади. Кейин одамларга: “Ўлжаларингизни олинглар”, деди.  Қолган хумсни[3] эса байтулмолга юборди.

Рабиъ ибн Зиёд жума куни оқ либосини кийиб жума намозига чиқди. Одамларга жума хутбасини ўқиди. Сўнг шу куни ҳижрий 53 йили вафот этди.

 

Манбалар асосида

Дилфуза РАҲИМОВА

тайёрлади.

 

 

 

[1]Сувс – ҳозирги Тунис Республикаси

[2]Рустоқ – Афғонистоннинг шимолидаги Тахар вилояти тумани.

[3]Қуръони карим уруш ўлжаларининг бешдан бир қисмини байтулмолга ажратади. Қолган бешдан тўрт қисми эса жангчилар ўртасида тақсимланади.

Read 1440 times

Янгиликлар

Top