Ўзбекистон янгиликлари

Ислом цивилизацияси маркази - халқимизнинг маънавий қудрати тимсоли

2018 йил 15 июнь, Рамазон ҳайити куни Президентимиз Ислом цивилизацияси маркази пойдеворига тамал тоши қўйган эди. Бугунги муборак Рамазон кунларида давлатимиз раҳбари ушбу мажмуага яна ташриф буюрди.

Бу марказ ҳам маҳобати, ҳам моҳияти жиҳатидан улкан лойиҳа. Унинг қурилиши қарийб тўрт йилдирки давом этмоқда. Мажмуа уч қаватли бўлиб, қадимий обидаларимиз шаклида барпо этилган. Бино марказида улкан гумбаз, тўрт томонида симметрик пештоқлар қурилган. Бугунги кунда пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев шу ишларни кўздан кечирди. Бинони пардозлашда қадимий мадрасаларимиздаги белгилар ва иссиқ ранглардан фойдаланилмоқда.

Давлатимиз раҳбари мажмуани чиройли ва сифатли қилиб қуриш билан бирга мазмунига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

- Бугун, муборак Рамазон ойида, жума кунида бу ерга келишимиз бежиз эмас. Бундай улуғ айём кунларида қилинган ниятлар амалга ошади. Охирги йилларда оғир-оғир синовлардан ўтдик. Лекин бу ерда иш тўхтагани йўқ. Нима учун буни қураяпмиз? Халқимизнинг дунёқарашини, ғурурини кўтариш, қандай буюк эл эканимизни ашёвий далиллар билан намоён этиш учун, - деди Шавкат Мирзиёев.

Ислом цивилизацияси маркази халқимизнинг маънавий қудратини кўрсатиши қайд этилди.

- Ўтган йили Қашқадарёда “Ўзбекистон GTL” заводини очиб, бутун дунёга мамлакатимизнинг  иқтисодий қудратини кўрсатдик. Бу марказ халқимизнинг маънавий ва маърифий қудрати тимсоли бўлиб қолади, - дея таъкидлади Президент.

Давлатимиз раҳбари деворлардаги равоқларнинг безак ва ёзувлари намуналари билан танишди. Дарвозалар тепасига тинчлик, илм, одобга чорловчи оятлардан ёзиш мақсадга мувофиқлигини айтди.

Ислом цивилизацияси марказининг таркибий қисмлари тўғрисида маълумот берилди. Биринчи қаватда музей омбори, қадимий қўлёзма ва осори-атиқаларни сақлаш ҳамда реставрация қилиш хоналари, нашриёт ва китоб дўконлари жойлашади.

Иккинчи қават мажмуанинг асосий кўргазма майдони бўлади. Бу ердаги Ислом тарихи музейи 9 та бўлимдан ташкил топади. Бинонинг марказида, 65 метр баландликдаги гумбаз остида Ислом оламининг дурдонаси ҳисобланган Усмон мусҳафи қўйилади. Бу зал атрофида яна 8 та – “Исломдан аввалги даврда Марказий Осиё”, “Исломнинг Марказий Осиёга ёйилиши”, “Таълим”, “Илм-фан”, “Меъморчилик ва шаҳарсозлик”, “Санъат ва бадиий ҳунармандчилик”, “Анъаналар” ҳамда “Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон” бўлимлари жойлашади.

Шунингдек, бу қаватда 550 кишига мўлжалланган конференция зали бўлади.

Президентимиз “Илм-фан” бўлимини кўздан кечирди. Аллома боболаримиз меросини кенг ва таъсирчан тарғиб этиш бўйича тавсиялар берди.

Давлатимиз раҳбари учинчи қаватга чиқиб, кутубхона, Ислом академияси илмий кафедралари ва маъмурий хоналар намуналарини ҳам кўрди.

president.uz

Read 1497 times

Янгиликлар

Top