Ўзбекистон янгиликлари

Кўнгилларни шодлантирган Рамазон

Маҳзун кўнгилларга бир дам бўлсада илиқлик бахшида этмоқлик, меҳр-мурувват, эътиборга муҳтож кишиларга саҳоват кўрсатишлик қанчалар шарафли тадбир эканлигини яхши биламиз. Агар бундай амаллар савоблар 70 баробаргача кўпайтирилиб берилгувчи улуғ Рамазон ойи ва Ҳайит айёмларида бажарилса нур устига аъло нур бўлади.  Ушбу муборак ойда Тошкент шаҳридаги масжидлар имом-хатиблари ташаббуси билан ҳомийлар кўмагида шаҳримиздаги “Меҳрибонлик”, “Мурувват”, “Саҳоват” уйлари, меҳнат фахрийлари, нуроний кексалар, имконияти чекланган кишилар, шунингдек кам таъминланган, ёрдамга, меҳр-муруватга муҳтож кишилар ҳолидан хабар олиниб, моддий ва маънавий эътибор кўрсатилмоқда. Алоҳида таъкидлаш жоизки, улуғ айёмда пойтахтимиздаги масжидлар томонидан жами 200 дан ортиқ ногиронлар аравачалари муҳтож кишиларга топширилди.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “Яхшиликда мусобақалашинглар” дея марҳамат қилган. Рамазон савобли амалларни қилиш учун мусобақа ойидир десак муболаға бўлмайди. Албатта бунда илоҳий кўрсатмалардан чиқмаслик талаб этилган. Имом Бухорий ривоят қилган, Салмон Форисий розияллоҳу анҳудан келтирилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазон ойи меҳр-мурувват улашиладиган (ёрдамга муҳтожлар ҳолидан хабар оладиган, уларнинг қалбига хурсандчилик киришига сабаб бўладиган) мавсуми эканлигини” айтганлар. Бу динимзнинг одоби ва бугунги кунда муқаддас ислом динининг мусаффо фитратидир. Кўрсатилган меҳр-мурувватлардан мамнун бўлганлар, Рамазон ва Ҳайит айёмларини қутлуғ бўлишини сўраб, юртимиз ободлиги, халқимиз фаровонлигини, қолаверса, бу какби хайрли амалларга ҳиссалари қўшилган барча кишилар ҳаққига дуои хайрлар қилишди.

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

 
Read 5650 times

Янгиликлар

Top