Ўзбекистон янгиликлари

Масжидлар сони яна биттага кўпаяди

Юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари Тошкент вилоятида ҳам хайрли ишлар бир-бирига уланиб кетяпти. Деярли ҳар ҳафта бирор янги жоменинг очилиш маросимига ёки илк ғишт қўйиш тадбири ўтказилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу, албатта, сўнгги йилларда юртимизда диний-маърифий соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрликнинг амалдаги инъикосидир.

Бугун, 9 май – Хотира ва қадрлаш кунида Ангрен шаҳрида янги масжидга илк ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда туман ҳокими, мутасадди раҳбарлар, вилоят бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов, нуроний отахонлар, маҳалла фаоллари ҳамда саховатпеша ҳомийлар иштирок этди.

Бу масжидга эзгу ниятда “Имом Муҳаммад” деб ном қўйилди.
Масжиднинг барча ҳужжатлари қонунчилигимизда белгиланган тартибда тайёрланиб, дайлат рўйхатидан ўтказилмоқда.

Масжиднинг аҳамиятли жиҳати шундаки, бу жоме Тошкент билан Фарғона водийси вилоятларини бир-бирига боғловчи катта йўл бўйида жойлашган. Шу боис бу масканда йўловчилар ва сайёҳлар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилади.

Мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор туфайли бундай хайрли ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаш мақсадга мувофиқдир.

Хайрли ният билан янги масжидга қўйилган илк ғиштни Аллоҳ таоло муборак қилиб, тез ва қисқа фурсатда бу жоме қуриб битказилишини насиб айласин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Тошкент вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

Read 2648 times

Янгиликлар

Top