Ўзбекистон янгиликлари

Индонезиялик олимлар Ўзбекистон халқаро ислом академиясига ташриф буюрди

Юртимизда ўтказилган «Декларациялар мулоқоти» халқаро форумига келган хорижлик меҳмонлар – дин уламолари, ҳуқуқшунослар, халқаро илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари заминимизнинг диққатга сазовор жойлари, ташкилотлар, таълим муассасалари билан яқиндан танишмоқда.

Шу мақсадда Ўзбекистон халқаро ислом академиясига Индонезиянинг Леимена институти ижрочи директори Матиус Ҳо раҳбарлигидаги делегация ташриф буюрди. ЎзА билдиришича, бу ҳақда мазкур академия матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Меҳмонларни академия Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Зоҳиджон Исломов, Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Баҳодир Хўжаев, «Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш UNESCO кафедраси мудири Маҳфуза Алимова, кафедра ўқитувчиси Одилжон Эрназаров кутиб олди. Дастлаб меҳмонларга «Манбалар хазинаси»да сақланаётган нодир тошбосма асарлар, илмий ходимлар томонидан уларнинг тадқиқи борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. «Манбалар хазинаси» бўлими мудири Муҳаммадсидиқ Усмонов бу борада батафсил тўхталиб ўтди.

Индонезиянинг Леимена институти ижрочи директори Матиус Ҳо ҳамда Индонезия Ислом университети профессори Амин Абдуллаҳ «Манбалар хазинаси» бўлимидаги фахрий ва ҳурматли меҳмонлар учун ажратилган "Эсдалик китоби"га ўзининг самимий тилаклари, дил сўзларини ёзиб қолдирди.

Академия мажлислар залида учрашув ташкил этилиб, унда Индонезия ҳамда юртимиз вакиллари иштирок этди.
Академия илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Зоҳиджон Исломов томонидан хорижлик меҳмонларга юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумотлар берилди. Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва унинг ҳузуридаги ташкилотлар, Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот, Малака ошириш, «Зиё» медиа марказлари, Академик лицей, «Зиё-зукко» мактаби фаолияти меҳмонларда қизиқиш уйғотди.

"Ўзбекистон заминида ўтказилган «Декларациялар мулоқоти» форуми доирасида юртингиздаги кўплаб тарихий қадамжоларда бўлдим. Айниқса, Самарқанд, Бухоро шаҳарларидаги сафарлар менда чуқур таассурот қолдирди. Жумладан, бугунги учрашув ҳам Халқаро ислом академияси фаолиятига бўлган қизиқишларимни оширди. Мамлакатларимиз ўртасида ўхшаш жиҳатлар кўп экан. Ўйлайманки, фикр ва таклифлари асосида келгусида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаймиз", Матиус Ҳо.

Дўстона ўтган мулоқот давомида меҳмонлар ўзлари фаолият юритаётган марказ ва таълим муассасалари фаолияти, мақсад, вазифалари бўйича маълумот берди. Меҳмонларга академия раҳбариятининг эсдалик совғалари топширилди.
Учрашувдан сўнг делегатлар академия ҳудудида жойлашган муқаддас қадамжолар – Шайховантоҳур, Тўлабек (Қалдирғочбек) ҳамда Юнусхон мақбараларини зиёрат қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 349 times

Янгиликлар

Top