Ўзбекистон янгиликлари

Аҳмад Шоҳид: Ўзбекистон самарали муваффақиятларга эришганига гувоҳ бўлаяпман

Ўзбекистон элчиси Жавлон Ваҳобов Вашингтонда бўлиб турган БМТнинг дин ва эътиқод эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шоҳид билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Элчи БМТ махсус маърузачиси билан Ўзбекистонда виждон эркинлигини таъминлаш, диний ташкилотларни рўйхатга олиш ва уларнинг эркин фаолият юритиши учун шарт-шароитлар яратиш, таъқиқланган ташкилотларда қатнашганликда айбланган маҳкумларни озод қилиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, шу жумладан, маърифий Исломни тарғиб қилишнинг институционал механизмларини кенгайтириш соҳаларида кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги батафсил маълумотларни ўртоқлашди.

Ўзбекистоннинг диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш борасидаги саъй-ҳаракатларида жамиятнинг барча қатламлари иштирокида бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, динлараро ва маданиятлараро мулоқот ғоялари ва тамойилларини илгари суришга жуда муҳим аҳамият берилаётгани алоҳида таъкидланди. Бугунги кунда Ўзбекистонда аҳоли радикаллашуви борасида барвақт огоҳлантириш ва жамиятнинг турли қатламлари вакилларини, асосан, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан «жаҳолатга қарши маърифат» тамойили бўйича тизимли равишдаги чора-тадбирлар мажмуи амалга оширилмоқда.

Ўз навбатида, Аҳмад Шоҳид Ўзбекистоннинг диний эркинликни таъминлашдаги тараққиётидан мамнун эканлигини таъкидлади. «Президент Шавкат Мирзиёев билан 2017 йилда бўлиб ўтган биринчи учрашувимдан буён унинг туб ўзгаришларни амалга оширишга қатъий қарор қилгани туфайли Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини, айниқса, виждон эркинлиги ва динга эътиқод ҳуқуқини тарғиб этиш ва ҳимоя қилиш борасида самарали муваффақиятларга эришганига гувоҳ бўлаяпман», деди БМТ махсус маърузачиси.

Унинг айтишича, Ўзбекистон саноқли давлатлар қаторида муаммоларни бартараф этишда халқаро институтлар ва экспертлар ҳамжамияти билан конструктив мулоқотга мутлақо очиқ эканлигини намойиш этмоқда.

БМТнинг махсус маърузачиси фикр, виждон, дин ва эътиқод эркинлигига асосланган халқаро стандартлар ҳақидаги билимларни оширишга қаратилган қўшма ўқув дастурларини ташкил қилиш орқали Ўзбекистон билан диний эркинлик соҳасидаги тараққиётни янада ривожлантириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. Аҳмад Шоҳид, шунингдек, бундай дастурлар тегишли давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари вакилларининг касбий салоҳиятини ривожлантиришга ҳам имкон беришини қайд этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1009 times

Янгиликлар

Top