Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Ватанни севмоқ имондандир” мавзусида эсселар танлови ўтказилди

Бугунги кунда юртимизда ёшларни миллий қадриятлар, анъаналаримизга содиқ руҳда тарбиялаш, Ватанга садоқат туйғусини шакллантириш, “оммавий маданият” кўринишидаги салбий иллатларни ёшларга тушунтириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг замонавий шакл, усул ва воситаларини ҳаётга кенг татбиқ этиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.


Шу мақсадда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси топшириғига биноан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Мусулмонлар идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом билим юртлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси қошидаги академик лицей ва Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабалари ўртасида “Ватанни севмоқ имондандир” мавзусида эсселар танлови ташкил этилди.

Жамиятимизга етук, рақобатбардош кадрларни етиштириш, эртамиз эгаларининг интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларнинг ўз қобилиятларини намоён этишларига имконият яратиш, жамоатчилик, фидойилик фазилатларини шакллантириш, ёшлар онгида Ватанимиз тарихи, миллий ва умуминсоний қадриятлар, ижтимоий ҳаёт ҳақидаги тушунча, билим ва кўникмаларни янада юксалтириш танловнинг устувор вазифаларидан саналади. Шунингдек, ёшлар орасида ижтимоий-маънавий, сиёсий-ҳуқуқий ҳамда иқтисодий жараёнларга нисбатан танқидий-таҳлилий ва ижодий дунёқараш кўникмаларини шакллантириш, иқтидорли ва истеъдодли ўғил-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда муносиб рағбатлантириш долзарб вазифа ҳисобланади.


Таъкидлаш жоиз, “Ватанни севмоқ имондандир” мавзусидаги эсселар танлови икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқич – 2022-йилнинг 2-7-июн кунлари ўрта махсус ислом билим юртлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси қошидаги академик лицей ва Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби талабалари ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси факультет талабалари ўртасида ўтказилса, республика босқичи – 2022-йилнинг 14-17-июн кунлари биринчи босқичда 1, 2, 3-ўринни эгаллаган иштирокчилар ўртасида ўтказилиши белгиланган.

Жараённи шаффоф ва тартибли ўтказиш мақсадида Ташкилий қўмита ҳузурида ҳамкор ташкилотларнинг масъуллари, тегишли таълим муассасаларининг раҳбар ўринбосарлари вакилларидан иборат Ташкилий гуруҳ тузилди.

Танловнинг биринчи босқичи доирасида таълим муассасасининг масъул ходимлари ҳамда профессор-ўқитувчилардан иборат ишчи гуруҳ томонидан иштирокчиларга “Ватанни севмоқ имондандир” мавзусида эсселар ёзиш топширилади ва баҳоланади.


Республика босқичида эса танловнинг таълим муассасаси босқичи натижаларига кўра, 1, 2, 3-ўринни эгаллаган, жами 45 нафар талаба иштирокида “Ватанни севмоқ имондандир” мавзусида эссе ёзилади.

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ўтказилган танловнинг биринчи босқичида Академиянинг 80 нафарга яқин талабалари иштирок этди. Талабалар томонидан ёзилган иншолар Академиянинг мутасадди раҳбарлари, ўқитувчи ва ходимларидан тузилган Ҳакамлар ҳайъати томонидан танлов шартлари ва баҳолаш мезонлари асосида баҳоланди.


Танлов низомига кўра, республика босқичига Академиянинг ҳар бир факультетидан бир нафар иштирокчи йўл олади.

Танловнинг республика босқичи иштирокчиларининг барчаси ноутбук билан тақдирланади. 1-ўрин соҳиби 30 миллион, 2-ўрин 20-миллион, 3-ўрин эгаси эса 10-миллион сўм пул мукофотини қўлга киритади.

Танловнинг республика босқичи фаол иштирокчилари турли номинациялар бўйича ҳам тақдирланиши режалаштирилган.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактабида ҳам танловнинг биринчи босқичи ўтказилди.


Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати

Read 1178 times

Янгиликлар

Top