Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон ва Миср муфтийлари учрашув ўтказдилар

Бугун, 9 июнь куни Қоҳирада ўтказилаётган халқаро анжуман доирасида Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Миср Араб Республикаси муфтийси Шавқий Иброҳим Аллом билан учрашув ўтказдилар. Унда Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси Мансур Қиличев, Миср Араб Республикаси муфтийлиги вакиллари ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.

Самимий мулоқот чоғида Шавқий Аллом ҳазратлари Муфтий Нуриддин домла ҳазратларига нуфузли анжумандаги фаол иштироклари учун миннатдорчилик билдириб, у киши томонидан халқаро анжуманда билдирилган муҳим таклифлар таҳсинга лойиқ экани ва уларни амалиётга жорий этишда қўллаб-қувватлашини изҳор қилдилар.

Ўз навбатида Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ҳам Миср муфтийси Шавқий Аллом ҳазратларига халқаро анжуманга таклиф этганлари ва унинг юқори даражада ташкил қилгани учун ташаккур айтдилар. 

Сермазмун учрашув чоғида икки давлат муфтийлари Миср ва Ўзбекистон қадимдан Ислом дини марказлари бўлгани, бу диёрлардан етишиб чиққан алломалар, хусусан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Насафий ва “Соҳиби Ҳидоя” Бурҳониддин Марғилоний каби мутафаккирларнинг бутун дунёда Исломнинг ёйилиши ва ривожига муносиб ҳисса қўшганлари, бу қадим анъана бугунги кунда ҳам давом этаётганини таъкидладилар.

Хусусан, Ўзбекистон ва Миср давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари, диний-маърифий соҳага қаратаётган алоҳида эътиборлари натижасида икки давлат диний идоралари бутун дунё Ислом олами мамлакатлари учун бугунги куннинг долзарб мавзуларига бағишланган мана шундай халқаро анжуманлар ўтказаётганларини қайд этдилар.

Учрашувда Мисрдаги Дорул Ифто ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилиш, хусусан, мутахассислар касб-маҳоратини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда долзарб мавзуларда замонавий фатволар ишлаб чиқиш каби муҳим масалаларга алоҳида диққат қилинди. 

Миср муфтийси ал-Азҳарда жуда кўплаб ўзбекистонлик талабалар таҳсил олиши яхши кўрсаткич эканини таъкидлаб, ушбу олийгоҳда тўрт мазҳаб таълимоти қаторида Ҳанафий мазҳаби пухта ўрганилишини алоҳида қайд этди.

Мазмунли суҳбат давомида Муфтийлар Ўзбекистон ва Миср мусулмонлари идоралари фаолияти, соҳадаги ўзгариш ва янгиликлар, фаолиятда қўлланаётган янги иш услублари ҳақида ҳам ўзаро фикр алмашдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1379 times

Янгиликлар

Top