Ўзбекистон янгиликлари

Муфтийлар сулоласи мероси Ислом цивилизацияси марказига топширилди

Бугун, 16 июнь куни Халқаро ислом академиясида Муфтий Бобохоновлар сулоласи шахсий кутубхонасида сақланаётган ёзма ва босма асарлар, тарихий ҳужжат ва фотосуратларни Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси фондига қабул қилиб олишга бағишлаб тадбир ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси-Халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Мақсудов, Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров ҳамда Бобохоновлар сулоласи вакиллари қатнашди.

Маросим Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.

Маърифий учрашув аввалида Марказ директори Шоазим Миноваров охирги йилларда мамлакатимизда барча соҳалар қатори диний-маърифий соҳада улкан ишлар амалга оширилаётгани, хусусан, Ўзбекистондаги ислом цвилизацияси марказини барпо этилаётгани ана шу ишларнинг ёрқин кўриниши экани, Марказдаги музейнинг ҳар бир таркибий қисмини алоҳида муассаса дейиш мумкинлиги, унда Муфтий Бобохоновлар сулоласи ҳаёти ва фаолиятига бағишланган алоҳида қисм бўлиши, тақдим этилган туҳфалар ушбу жойдан ўрин олиши тўғрисида айтиб ўтди.

Шундан сўнг Президент маслаҳатчиси, Халқаро ислом академияси ректори Музафар Комилов сўзга чиқиб, Президентимизнинг Муфтий Бобохоновлар сулоласининг тарихи, буюк хизматларини оммалаштириш бўйича алоҳида кўрсатмалари борлиги, шу асосда айни пайтда ушбу улуғ инсонларнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб китоблар, фильмлар тайёрланаётгани, халқаро анжуманлар ўтказиш режа қилингани, бундай қимматбаҳо мероснинг тақдим этилиши катта туҳфа эканини гапириб ўтди.

Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ушбу хайрли иш Бобохоновлар сулоласининг хизматларини асрлар давомида келажак авлодга намойиш этиш имконини бериши, марҳум муфтийлар – Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон, Шайх Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон ва Шамсиддинхон Бобохоновлар ўта машаққатли йилларда имон-эътиқодни сақлаш йўлида беқиёс хизматлар қилишганини таъкидлаб жумладан бундай дедилар:

“Муфтий Бобохоновлар фаолияти шўролар давлатида қалтис бир даврга тўғри келди. Шундай замонлар ҳақида Расул алайҳиссалом бундай деб хабар берганлар: “Ҳали одамларга шундай бир замон ҳам келадики, унда динида сабр қилувчи киши ҳудди чўғни чангаллаб турган одамга ўхшайди”, деган мазмундаги ҳадисларида диний фаолият кўрсатиш ўта қийин бўлган вақтларда динни ҳудди чўғни ушлагандек тутиб, кейинги авлодлар учун кўприк вазифасини бажарган, мана шундай уламоларни назарда тутган бўлсалар, ажаб эмас.

Муфтий Бобохоновлар сулоласи шахсий фондида сақланаётган ёзма ва босма асарлар, тарихий ҳужжатларни Марказ кутубхонасига топширишдек, хайрли ишга қўл урган Бобохоновлар вакиллари, хусусан, Амирсаидхон ака Усмонхўжаев ва Жамолиддинхон Шамсуддинхон ўғлига катта миннатдорлик билдирамиз.
Аллоҳ таоло ўтганларимизни, хусусан, диний идорамизнинг асосчилари бўлган марҳум муфтийлар ва хусусан, бугун кўп тилга олаётган Бобохонов сулоласини Ўз мағфиратига олиб, Фирдавс жаннатларини насиб этсин”.

Тадбир давомида Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов йиғилганларга Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ва диний таълим муассасаларида ҳам Муфтий Бобохоновлар сулоласи ҳаёти ва фаолиятига оид махсус курслар ўтилаётгани ҳақида маълумот берди.

Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари мўмин-мусулмонларимиз томонидан катта эҳтиром билан ёдга олинадиган олиму уламоларнинг ёрқин вакиллари бўлган Муфтий Бобохоновлар сулоласи вакиллари ўта машаққатли йилларда имон-эътиқодни сақлаш йўлида беқиёс хизматлар қилишгани тўғрисида сўз юритди.

Тадбир давомида Муфтий Бобохоновлар вакиллари – Амирсаидхон Усмонхўжаев ва Жамолиддинхон Шамсуддинхон ўғли сўз олиб, кўп йиллардан буён ота-боболари ҳаёти ва фаолияти тўғрисида тадқиқотлар олиб борилаётгани, китоб-рисолалар чоп этилгани, кўргазмалар ташкил этилгани, сўнгги йилларда Президентимиз томонидан Муфтий Бобохоновлар ҳаёти ва фаолиятига алоҳида эътибор берилаётгани, хусусан, Ислом цвилизацияси марказида улар учун алоҳида жой ташкил этилишидан жуда хурсанд эканликлари, бундай юксак эътибор учун миннатдорлик билдиришди.

Шунингдек, тадбирда уламолар, зиёлилар, сафдош ва қариндошлари ҳам сўзга чиқишиб, ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.

Тадбир сўнгида жўшқин фаолият соҳиблари – Муфтий Бобохоновлар сулоласининг ҳаётлари давомида жамлаган ёзма ва босма китоблари, тарихий ҳужжат ва фотосуратлар Марказ кутубхонаси ва музейи фондига беғараз тақдим этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1794 times

Янгиликлар

Top