Ўзбекистон янгиликлари

Аллоҳга беҳад шукрлар бўлсинки, икки йиллик танаффусдан сўнг сабр ила кутилган, динимизнинг бeшинчи аркони бўлган Ҳаж зиёрати ҳам бошланди. Бундан қувонган ўн минглаб юртдошларимиз қалбида қувонч, дилларида шукроналик билан шу кунларга етказгани учун Аллоҳга ҳамдлар айтиб, муборак сафар томон отланди.

Бугун эрта тонгда Тошкент халқаро аэропортида бўлғуси ҳожиларни Саудия Арабистонига кузатиш маросими ана шундай ҳис-ҳаяжонларга, дил сўзларига бой бўлди.

Бундай улуғ бахтга эришган юртдошларимизни кузатиш учун таниқли уламолар, имом-домлалар, мутасаддилар ва ОАВ вакиллари Тошкент халқаро аэропортида жам бўлишди. Юртдошларимизни кузатиш жараёнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари иштирок этиб, Аллоҳ таолонинг байти сари йўл олаётган зиёратчилар эсон-омон муборак қадамжоларни зиёрат қилиб келишлари, ушбу зиёратни юртимиз ва бутун дунё мусулмонларга бардавом қилишини сўраб хайрли дуолар қилдилар.

Шу билан орзулари рўёбидан ҳис-ҳаяжонга тўлган “Ҳаж – 2022” мавсумининг илк зиёратчилари Тошкент халқаро аэропортидан Саудия Арабистонига жўнаб кетдилар.

Кейинги зиёратчилар шу йилнинг 18-30 июнь кунлари Тошкент-Мадина, Бухоро-Мадина, Наманган-Мадина, Самарқанд-Мадина, Қарши-Мадина, Урганч-Мадина, Нукус-Мадина йўналишлари бўйича ҳаж сафарига кузатилади ва худди шу йўналишлар бўйича 14-31 июль кунлари юртимизга қайтиб келадилар.

Аллоҳ таоло Ҳаж амалини адо этишга отланган юртдошларимизнинг сафарларини муборак қилсин, Байтуллоҳ ёнида дуо қилишни барчамизга насиб этсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1297 times

Янгиликлар

Top