Ўзбекистон янгиликлари

Хушхабар: 4 жилдли “Ал-Қомус: арабча-ўзбекча қомусий луғат” китоби нашрдан чиқди

Бугун, 23 июнь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Ал-Қомус: арабча-ўзбекча қомусий луғат” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда олимлар, тилшунос мутахассислар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Мазкур китоб академик, Қоҳира Араб тили академияси ҳақиқий аъзоси, филология фанлари доктори Неъматулло Иброҳимов бошчилигидаги шарқшунос-филолог, исломшунос Акмалжон Икромжонов, шарқшунос, исломшунос Абдулҳаким Орипов ва Абдулҳамид Зайриев каби муаллифлар жамоаси томонидан тайёрланган.

Ушбу луғат араб тилининг классик давридан то бугунги кун жонли шаклигача, аниқ, табиий ва инсоний илмлардан тортиб диний манбаларгача, адабий тил билан бир қаторда турли шеваларгача, матбуотдан оғзаки мулоқотгача, бир сўз билан айтганда барча сўз бойлигини ўзида мужассам этган. Унда тил жозибасининг ойнаси бўлган турғун иборалар, мақол маталлар, назму наср намуналари, Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифлардан кўплаб мисоллар келтирилган. Ушбу китоб Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида нашр этилган.

Китобнинг таништирув тақдимотида академик Неъматулло Иброҳимов, шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари, филология фанлари доктори Мухторхон Умархўжаев, “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” жоме масжиди имом ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид ва бошқалар сўзга чиқиб, луғатнинг аҳамияти, таржима қилиш жараёнига оид муҳим бўлган маълумотларни айтишди, юртимиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг бугунга қадар илм аҳлининг мўътабар манбаси бўлиб келаётган қай бир асарини олманг араб тилида битилгани ёки унда араб тилига катта урғу берилганига гувоҳи бўлиш мумкинлиги, ушбу қомус луғати муаллифларига ташаккурлар билдиришди, қилинган меҳнатлар садақаи жория бўлишини тилаб қолишди.

Тадбирда таъкидлангидек, ушбу луғатнинг биз учун долзарблиги шундаки, у ўзбек халқининг шонли ўтмиши, илм-фандан маданиятгача, адабиётдан санъатгача, тилию сўз бойлиги бевосита боғлиқ бўлган илму маърифат тили бўлмиш араб тилидан ўзбек тилига таржима луғатидир.

Бугун дунёга ўзбек ҳалқини ҳеч бир изоҳсиз танитишга қодир бўлган буюк аждодларимизнинг барчалари араб тилида ижод қилиб, асарлар битганлар, жаҳон тамаддуни ривожида ўчмас из қолдирганлар. Хусусан, Хоразмийнинг «Ал-Жабр вал-муобала», Берунийнинг «Осори боқия», Ибн Синонинг «Қонун», Мирзо Улуғбекнинг «Зижи Кўрагоний», Замахшарийнинг «Кашшоф», Юсуф Саккокийнинг «Мифтоҳ ал-улум» ҳамда Навоийнинг ижод дурдоналарини қайд этиш шулар жумласидандир.

Янги 4 жилдли «Ал Қомус: Арабча-ўзбекча қомусий луғати» 100 мингдан ортиқ сўз ва ибораларни ўз ичига олган. Ушбу луғат юртимиз, халқимиз тарихи, илм-фани, маданияти, адабиёти, санъати ва тилини янада яқинроқ таниш, теранроқ билиш йўлида кўприк вазифасини ўтайди, иншааллоҳ.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1368 times

Янгиликлар

Top