Ўзбекистон янгиликлари

Диний идора тизимидаги ОАВ ходимлари муносиб тақдирланди

Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идорасида 27 июнь – “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” га бағишланган тадбир ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Диний идора бўлимларининг мудир ва ходимлари, “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт матбаа ижодий уйи вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Ҳомиджон домла Ишматбеков сўз олиб, Диний идора тизимидаги матбуот хизмати ва нашриёт ходимларини 27 июнь – “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” байрами билан муборакбод этиб, бундай деди:

– Биз яшаётган ахборот асрида бу соҳа ходимларининг фаолияти ниҳоятда муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки бугунги текзорлик замонида маълум янгилик бир зумда дунё бўйлаб ёйилмоқда.

Қолаверса, кейинги йилларда журналистиканинг замонавий тармоқлари таборо кенгайиб бораётирки, бу бутун оммани ўзига қамраб олмоқда. ОАВ ўртасида рақобат ҳам куни сайин ортиб бораётир.

Мазкур ахборот маконида диний-маърифий журналистика йўналишида ҳам катта ўзгаришлар бўлиб, диний билими етук кадрларига эҳтиёж сезилмоқда.

Шу боис бу йўналиш эътиборимиз марказида ва унинг юқори босқичларга кўтарилишига хайриҳоҳмиз.

Ҳомиджон домла Ишматбеков сўзи якунида Диний идоранинг Матбуот ва Ахборот таҳлил бўлими ҳамда “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт матбаа ижодий уйи жамоасига “Ташаккурнома”ларни тақдим этиб, касб байрами билан ижодий жамоани муборакбод этди.

Тадбир давомида Диний идора тизимида оммавий ахборот воситаларига дахлдор бўлган ходимларни байрам муносабати билан муносиб рағбатлантириш маълум қилинди.

Бундай тадбирлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари, диний таълим муассасаларида ҳам ташкил этилиб, фидойи ва жойкуяр соҳа ходимларига эътиром кўрсатилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1140 times
Tagged under

Янгиликлар

Top