Ўзбекистон янгиликлари

Хива шаҳри – 2024 йилда Ислом оламининг сайёҳлик пойтахти бўлди – Ўмон матбуоти

Ўмон Султонлигининг «Asdaa Oman» газетаси веб-саҳифасида «Хива шаҳри 2024 йилда ислом оламининг сайёҳлик пойтахти этиб танланди» номли мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Бу ҳақда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) ўн биринчи сессияси доирасида тегишли қарор қабул қилингани айтилади. Мақолада, шунингдек, ИҲТ аъзолари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан туризм соҳасида асосий омиллардан саналган виза режимини соддалаштириш, маданий мерос объектларини асраб-авайлаш, тарихий шаҳарларни ободонлаштириш борасида амалга оширилган ислоҳотларни эътироф этгани таъкидланган.

Хусусан, Хоразмнинг тарихий қиёфасини тиклаш, таъмирлаш ва сақлаш, шунингдек, электр симёғочларини демонтаж қилиш, сайёҳлар оқимини янада кенгайтириш учун шарт-шароит яратиш, инфратузилмани яхшилаш, 5 юлдузли меҳмонхоналар, кичик меҳмонхоналар ва ётоқхоналар қуриш борасидаги саъй-ҳаракатларга эътибор қаратилган.
Ўзбекистонда туризм ва турдош тармоқларда тадбиркорлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ИҲТ мутахассислари томонидан юқори баҳолангани айтилган.

Ўмонлик газетхонлар эътиборига Ислом оламининг туризм пойтахти йили доирасида Хива шаҳрида туризм вазирлари ва соҳага даҳлдор идоралар раҳбарларининг йиғилиши бўлиб ўтиши тўғрисидаги маълумот ҳам ҳавола этилган.
Таъкидланишича, ислом оламининг сайёҳлик пойтахти номини олиш учун Aбу-Даби, (БАА), Шанлиурфа (Туркия), Лагос (Нигерия), Душанбе (Тожикистон) ва Хива (Ўзбекистон) кураш олиб борган.

“Номинацияни қўлга киритиш учун ўтган йили ушбу шаҳарлар ўртасида кескин рақобат бўлган, бироқ Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлари натижасида Хива шаҳрига «Ислом оламининг туризм пойтахти» унвонини беришга қарор қилинди”, дея якунланади «Asdaa Oman» газетаси электрон порталида чоп этилган мақола.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1045 times

Янгиликлар

Top