Ўзбекистон янгиликлари

Диний идора вакили "Хузур" нашриёт уйи раҳбари билан учрашди

ЎМИнинг Татаристон Республикасидаги вакили Муҳаммадюсуф Хушвақов ТР Мусулмонлари диний идораси қошидаги "Хузур" нашриёт уйи раҳбари Ришад Хамидуллин таклифига биноан ушбу нашриёт матбаасида бўлди.
Ришад Хамидуллин учрашувда нашриёт уйи фаолияти ҳақида, унда чоп этилаётган даврий нашрлар, китоб ва рисолалар ҳақида таништирди.


"Хузур" нашриёт уйи раҳбари диний йўналишдаги маърифий ва нашр ишлари бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси улкан бой тажрибага эга эканини эътироф этди. Ўзаро суҳбатда икки диний идора ўртасида нашр ишлари бўйича ҳамкорлик ва тажриба алмашув имкониятлари хусусида келгусида соҳа мутасаддилари билан музокаралар олиб бориш мақсадга мувофиқлиги қайд этиб ўтилди.


Учрашувда М.Хушвақовнинг 2022 йил 12 июль куни “muslim.uz” сайтига жойлаштирилган “Татаристон Республикасида Қурбон ҳайити байрами қандай нишонланди?” номли мақоласи ижобий таассуротга эга бўлгани эътироф этилди. Келгусида ҳам шу тарзда ЎМИ ва ДУМ РТ фаолиятига оид, ўзбек ва татар мусулмонлари ҳаётига оид аҳамиятли хабар ва маълумотлар “muslim.uz” сайти ҳамда “dumrt.ru” ва "huzurtv.ru" ахборот каналларида жойлаштириб бориш бўйича беғараз ҳамкорлик ишларини ташкил этиш таклиф этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1085 times

Янгиликлар

Top