Ўзбекистон янгиликлари

Мавлоно Муҳаммад Зоҳид ҳақида эшитганмисиз?

Манбаларда қайд этилишича, Мавлоно Муҳаммад Зоҳид ўз даврининг улуғ шайхларидан бири, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валий ҳазратларининг энг суюкли халифалари бўлган. Силсила омонати яъни, иршодномани ҳазрати Аҳрор Валийдан олган.

Сурхондарё вилояти Олтинсой туманидаги Кичик Вахшивор қишлоғида у зоти олийга қурилган мақбара муқаддас зиёратгоҳга айланган. Мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳининг набиралари, яъни қизларининг ўғли бўлган Хожа Муҳаммад заиф вужудли, оппоқ рангли ва сийрак соқолли, ўз замонасида илм ва тақвода тенгсиз зот сифатида таърифланади.

Хожа Муҳаммад Зоҳид раҳматуллоҳи алайҳи ёшликларида ўз-ўзларидан ибодат, тақво ва зоҳидликка берилиб, кейинчалик бир муршиди комилга эҳтиёж сеза бошлайди. Шунда Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳни излаб, сафарга отланади. Бундан хабар топган Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор у зотни кутиб олиш учун уловига миниб, шаҳар ташқарисига чиқади. Тасодифни қарангки, икковлари сўлим дарахтзор қўйнида учрашиб, шу ерда бир-бирларидан хол-аҳвол сўрашгач, устоздан сабоқ олишни бошлайди.

Тариқат аҳлининг йирик намояндаси, нақшбандийлар раҳномаси бўлган Хожа Аҳрор Валий Муҳаммад Зоҳиднинг ўта қобилиятли ва зийраклигини кўриб, катта эътибор билан дарс ўтади. Сабоқлар тез ниҳоясига етгач, ул зотга иршод учун ижозат беради. Бу икки буюк аждодимизнинг биринчи ва сўнгги мулоқотлари бўлган. Шундан сўнг Муҳаммад Зоҳид ўз даврининг улуғ олими, адиби, шоири, орифи сифатида танилган. Милодий 1529 йилда вафот этган.
Буюк алломанинг бетакрор табиат манзараларига бой тоғли гўшада мангу қўним топган сўлим маскани обод зиёртгоҳга айланган. Муқаддас бу жойни нафақат мамлакатимиз балки, бутун мусулмон олами дунёси давлатларидан келаётган сайёҳлар ҳам зиёрат қилиб, ул зот билан ғойибона суҳбатлашишга, маънавий озуқа олишга ошиқади.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ

Read 889 times

Янгиликлар

Top