Ўзбекистон янгиликлари

Буюк аждодимиз акс этган асар тақдимоти

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи Луқмон Бўрихоннинг "Имом Мотуридий" романи тақдимоти бўлиб ўтди.

ЎзА хабарига кўра, тақдимот тадбирида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид Президентимиз томонидан қўйилган барча топшириқлар халқимиз, адабиётимиз равнақига, халқаро алоқаларнинг тобора мустаҳкамланишига хизмат қилаётганини қайд этиб, "Имом Мотуридий" романи айнан буюк аллома боболаримиз ҳақидаги асарларга, китобхонликка талаб кучайган бир пайтда юзага келганини, ушбу асарни қўшимча тиражда чоп этиш муҳим эканини таъкидлади.

Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуровнинг фикрича, 9-10-асрлар ислом таълимоти, фалсафаси равнақ топган давр эди. “Имом Мотуридий” асарида ислом аҳком-ақидаларини тушуниш, уларни ҳаётга олиб кириш йўлида беҳад курашлар авж олган тарихнинг қоронғу саҳифалари ёритилиб, ушбу китоб қимматли маълумотларга, яхши тассуротларга эга бўлишга имкон беради.

Тадбирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Махсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори Зоҳиджон Исломов, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Жамолиддин Каримов, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, педагогика фанлари доктори Қозоқбой Йўлдошев ва бошқалар мазкур роман буюк аллома бобомиз Имом Мотуридийнинг ҳаёти, ғоялари, фалсафасини халқимизга содда, равон ва ҳаётий тарзда тушунтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

Дарҳақиқат, ёзувчи Луқмон Бўрихон ушбу романида X аср бошларидаги қўҳна Самарқанднинг сиёсий-ижтимоий, маърифий ҳаётидан айрим лавҳаларни қаламга олади. Улуғ аждодларимиздан бири, машҳур аллома Абу Мансур Мотуридийнинг бадиий сиймосини акс эттиришга уринади. Асар драматик воқеаларга, қизиқарли, сермазмун баҳс-мунозараларга бой.

Тадбирда эътироф этилишича, авваллари Имом Мотуридий фаолияти тадқиқ этилганида фақатгина дин соҳаси вакиллари жам бўлишар эди. Луқмон Бўрихоннинг янги асари тарғиботи сабабли эндиликда алломаларимиз фаолиятини тарғиб этишда адабиёт аҳли, ёзувчилар ҳам тўплангани, ушбу китоб маърифий-маънавий ҳаётимизда ўзига хос воқеликка айлангани эътиборга моликдир.

Ушбу роман жорий йилда “Адабиёт” нашриётида чоп этилган. 1000 нусхада нашрдан чиққан асарга Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид муҳаррирлик қилган. Китобга Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров сўзбоши ёзган.

Ёзувчи Луқмон Бўрихон тарих саҳифаларида етиб келган маълумотларни мисқоллаб йиғиб, ўрганиб, таҳлил ва талқин қилиб буюк илоҳиётшунос олимнинг бадиий қиёфасини ҳаётий, инсоний тарзда ёритишга муваффақ бўлди. Асарда имом Абу Мансур олим ва инсон сифатида тўлиқ намоён бўлган, уни яратган муҳит аниқ характерли белгилари билан тавсифланган. Роман жонли ҳаёт лавҳаларига, ўз қиёфалари билан ажралиб турадиган персонажларга бой.

Эътиборга молик жиҳати, Мотуридия ақидасидаги энг муҳим жиҳатлар ушбу китобда ўз ифодасини топган. Китоб бугунги тобора глобаллашиб бораётган даврнинг муҳим масалаларига ҳам жавоб бериши мумкинлиги мутахассислар томонидан алоҳида эътироф этилди. Асарни мутолаа қилган ҳар бир ўқувчи огоҳлик, ҳушёрлик қалб уйғоқлиги билан бевосита боғлиқ эканига яна бир карра ишонч ҳосил қилади. Айтиш жоизки, асар ғоят халқчил, равон тилда ёзилгани билан аҳамиятлидир.

Муаллиф воқеалар баёни ва такомилини ривожлантиришда, эпизодларнинг ўзаро уйғунлиги боғланишларида асосан “эслаш” усулидан фойдаланган. Роман эзгулик, абадият, илоҳиёт бобидаги фикрларимизни чархлайди. Тарихимизнинг қоронғу саҳифаларини ёритиб, ўй-хаёлларимизга яхши маънавий қувват беради. Китобхонлар ушбу асарни ўқиб, узоқ ўтмишимиз, буюк олим аждодларимиз ва уларнинг курашлари ҳақида қимматли маълумотга, жонли тасаввурга эга бўладилар.

– Ҳазрат Мотуридий ҳақидаги фикрларимни ушбу китобда баён этдим, – деди ёзувчи Луқмон Бўрихон. – Бугунги глобаллашув даврида миллийқиёфани сақлаб қолиш долзарб аҳамият касб этаётган бир пайтда Президентимиз буюк аждодларимиз ҳақидаги асарлар яратишга эҳтиёж катта экани хусусида гапирган эдилар. Ушбу асарни яратишда ўрганган манбаларим ва тасаввуримга таяндим, оддий одамларга тушунарлироқ, соддароқ тарзда яратдим.

Тадбирда сўзга чиққанлар романнинг ўзига хос жиҳатларига эътибор қаратдилар. Янги китоб ҳақида илиқ фикрлар билдирилди. Тақдимот якунида Луқмон Бўрихон асар борасидаги мулоҳазалари учун ўз ташаккурини айтди ва йиғилганларга янги китобидан туҳфа этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 962 times

Янгиликлар

Top