Ўзбекистон янгиликлари

Президент фармони билан афв этилган шахслар сони – 5555 нафарга етган

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида афв этиш институтига ҳам алоҳида уруғу берилмоқда.

Афв этиш - ҳукм қилинган шахсга нисбатан инсонпарварлик ифодаси бўлиб, уни жазодан тўлиқ ёки қисман озод қилади ёки суд томонидан белгиланган жазони бошқа енгилроқ жазо билан алмаштиради. 

Бу институт амнистия актидан тубдан фарқ қилади. 
Амнистияда жиноят содир қилган маълум тоифадаги шахсларга жиноий-ҳуқуқий таъсир чораларини қўлламаслик орқали уларга тузалиш имкониятини бериш ёки бу чоралар қўлланганда уларнинг аҳволини яхшилаш мақсадида кўрсатиладиган инсонпарварлик ифодаси ҳисобланади. 

Содда қилиб айтадиган бўлсак, амнистия актида аниқ бир шахснинг фамилия, исми шарифи кўрсатилмай, маълум тоифадаги шахслар (масалан, ёшлар, 60 ёшдан ошганлар, аёллар), одатда ижтимоий хавфли қилмишни биринчи марта содир қилаётганлар, унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлар жазодан озод қилиниши ёки унинг муайян қисми камайтирилиши кабилар белгиланади. Яъни аввал жиноятлар тоифасини белгиланиб, кейин эса ана шу жиноятлар тоифасига тушадиган шахслар аниқланади. 
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “амнистия жиноят содир этган одамларни кечириш бўйича муҳим механизмлардан бири. Бироқ, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, олдиндан чуқур ўрганмасдан туриб жавобгарликдан озод қилишни белгилаш қилмишига пушаймон бўлмаган, етказилган зарарни тўлиқ қопламаган шахслар ҳам амнистия доирасига кириб қолишига сабаб бўлган. Бу масалада, минг афсуски, коррупция ҳолатлари ҳам бўлган деб айтсак, тўғри бўлади. Прокуратура, ички ишлар ва суд идораларида ҳам бундай номаъқул ишларга йўл қўйилган. Бу эса амнистияга тушган кимсаларда жазони ҳис этмаслик, бизга ҳамма нарса мумкин, деган нотўғри кайфиятнинг шаклланишига олиб келган. Энг ёмони, амнистияни қўллашда жабрланган тараф ва жамоатчилик фикри инобатга олинмаган, бу эса фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Шунинг учун, афсуски, амнистия бўйича озод қилинган шахслар томонидан қайта жиноят содир этиш ҳолатлари ҳам учрамоқда”. 

Амнистиядан фарқли ўлароқ, авф этиш судлар томонидан ҳукм қилинганларга, индивидуал тартибда аниқ бир маҳкумга нисбатан унинг Ўзбекистон Республикаси Президенти номига афв этишни сўраб ёзган ёзма мурожаатига асосан амалга оширилади. 
Яъни шахс ўз айбини тан олиб, унга пушаймон бўлиб, кечирим сўрайди. Бундай ҳолатларда амнистияга тушган айрим кимсалардек жазони ҳис этмасликка ўрин қолмайди. 

Президентимизнинг 2017 йилдан бери афв этиш билан боғлиқ 21  фармони эълон қилинди.  Мазкур фармонлар асосида 5555 нафар жазо муддатини ўтаётган шахслар афв этилди. 

Бу рақамларни йиллар кесимида кўриб чиқсак: 

2017 йилда – битта фармон билан 2 минг 700 нафар шахс;
2018 йилда – учта фармон билан  621 нафар шахс;
2019 йилда – тўртта фармон билан 771 нафар шахс;
2020 ймолда – бешта фармон билан 616 нафар шахс;
2021 йилда – тўртта фармон билан 637 нафар шахс афв этилди.

Жорий йилда эса афв этиш билан боғлиқ учта фармон эълон қилинди. Шу асосда 203 нафар шахс афв этилди. 

Афв замирида нафақат кечиримлилик, балки юксак инсонпарварлик мужассам. Зеро, афв этилган шахсларнинг оила аъзолари, яқинлари ҳам бу ёруғликдан баҳраманд бўлади. 

Норгул Абдураимова, ЎзА 

Read 1066 times

Янгиликлар

Top