Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари: Аллоҳ учун қилинган амал – дуо мустажоб бўлишига василадир

Хабар берганимиздек, бугун, 25 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Самарқанд шаҳрига ташриф буюрдилар.

Муфтий ҳазратларини Самарқанд темир йўл вокзалида вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов кутиб олиб, сафар давомида ҳамроҳлик қилмоқда.

Ташриф давомида Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари “Хўжа Исҳоқи Вали” масжидида бўлиб, жамоат билан пешин намозини адо этдилар.

Намоз ва дуолардан сўнг Зайниддин домла Эшонқулов жамоатга Муфтий ҳазрат бошчилигидаги уламолар ташрифи, уларнинг маъруза, панд-насиҳатларидан фойда олишга ҳаракат қилиш лозимлиги ҳақида гапирди. Шунингдек, Муфтий ҳазратга ташриф учун миннатдорлик билдириб, мавъиза қилиб беришлари учун минбарга таклиф этди.

Муфтий ҳазратлари сўзлари аввалида вилоятга ташрифнинг илк учрашувидаёқ ушбу жоме қавми билан суҳбат бўлаётганидан хурсанд эканлари, уламолар олис ва чекка ҳудудлардаги аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар, таниқли уламолар ишитирокида жоме масжидларда суҳбатлар ўтказиш, ҳудуд аҳлини юртимизда бўлаётган ўзгаришлар мазмун-моҳияти ҳақида хабардор қилиш билан бир қаторда, уларнинг дарду ташвишларига кўмаклашиш, фикр-мулоҳазаларини тинглаш ва диний соҳага тегишли муаммоларини жойида ўрганиб, бартараф этиш ҳам кўзда тутилганини баён қилдилар.

Шундан сўнг Муфтий ҳазратлари холис амалнинг икки дунёда фойдаси, аксинча риё, сумъа аралашган амалнинг офати ҳақида оят-ҳадис ва ҳаётий мисоллар ила гўзал маъруза қилиб бердилар. Жумладан, Аллоҳ учун қилинган амал дуо мустажоб бўлишига васила эканини айтиб, қуйидаги ибратли воқеани сўзлаб бердилар:

“Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Уч киши пиёда йўлга чиқди. Кейин ёмғирда қолиб, тоғдаги бир ғорга кириб олишди. Бирдан олдиларига (ғор оғзига) бир харсанг тушди. Шунда улар бир-бирларига: «Аллоҳга ўзингиз қилган энг афзал амал ила дуо қилинглар», дейишди. Улардан бири: «Аллоҳим! Менинг ёши улуғ, кекса ота-онам бор эди. Мен чиқиб, қўй боқар эдим, кейин келиб, сут соғар ва уни ота-онамга олиб келар эдим. Уни улар ичишарди, сўнгра гўдакларим ва аҳлу аёлимга ичирар эдим. Бир кеча ушланиб қолдим. Келсам, икковлари ҳам ухлаб қолишибди. Уларни уйғотгим келмади. Болалар эса оёғим остида изиллаб йиғлашар эди. Мен ҳам, ота-онам ҳам тонг отгунча шу ҳолда бўлдик. Аллоҳим, агар мени шу ишни Сенинг розилигингни истаб қилган, деб билган бўлсанг, бизга бир тирқиш очгин, ундан осмонни кўрайлик», деди. Шунда уларга тирқиш очилди. Бошқаси эса: «Аллоҳим, Ўзинг биласанки, мен амакимнинг қизларидан бирини эркак кишининг аёлларни энг қаттиқ севишидек севар эдим. (Қиз) «Юз динор бермагунингча бунга етиша олмайсан», деди. Мен шунга (пулга) уриниб юриб, ниҳоят уни тўпладим. Кейин унинг икки оёғи орасига чўккалаганимда, у: «Аллоҳдан қўрқ! Ҳақини бермай туриб муҳрни очма!» деди. Шунда мен ўрнимдан туриб кетдим ва уни тарк этдим. Агар мени шу ишни Сенинг розилигингни истаб қилган, деб билган бўлсанг, бизга бир тирқиш очгин», деди. Шунда уларга учдан икки қисм очилди. Кейингиси: «Аллоҳим! Ўзинг биласанки, мен бир фарақ* маккажўхори эвазига мардикор ёллаган эдим. Кейин унга шуни берган эдим, олишдан бош тортди. Мен ўша бир фарақни атайлаб экиб, шунинг орқасидан сигирлар ва уларнинг молбоқарини ҳам сотиб олдим. Кейинроқ у келиб: «Эй Аллоҳнинг бандаси, ҳақимни бер», деди. Мен: «Анави сигир ва унинг молбоқарига бор, улар сеники», дедим. У: «Мени масхара қиляпсанми?» деди. Мен: «Сени масхара қилаётганим йўқ, улар сеники», дедим. Аллоҳим, агар мени шу ишни Сенинг розилигингни истаб қилган, деб билган бўлсанг, бизни қутқаргин», деди. Шунда уларга (йўл) очилди». * Фарақ – ўн олти ратл (олти ярим литрдан кўпроқ) сув сиғадиган мис идиш. У Ҳижозда шу ном билан юритилган” (Икки шайх ва Насаий ривояти).

Суҳбат давомида Муфтий ҳазратлари ушбу ҳадисдаги воқеани мисол қилиб ҳар ким ўзига менинг ана шундай фақат Ҳақ таоло розилиги учун қилган амалим борми, дея савол бериши лозимлигини таъкидлади. Мазмунли ва таъсирли маърузани қавм диққат билан тинглаб, кўзлари намланиб, қалблари юмшади. Шунингдек, ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.

Якунда Ҳақ таолодан юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини сўраб дуои хайрлар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1318 times
Tagged under

Янгиликлар

Top