Ўзбекистон янгиликлари

Тошкент ислом институти Модуль йўналишига қабул муддати узайтирилди

Республикамиздаги масжидларда фаолият олиб бораётган имом-хатиблар ҳамда "Ҳаж – 2022" мавсумида гуруҳ раҳбари бўлган имом-хатиблар мурожаати инобатга олиниб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Тошкент ислом институти Модуль таълим тизими учун ҳужжатларни қабул қилиш муддати 2022 йил 6 август кунига қадар (шу куни хам 18:00 гача) узайтирилганини маълум қиламиз. Бу ҳақда Диний идора Таълим ва илмий тадқиқодлар бўлими хабар берди.

Маълумот учун: Тошкент Ислом институти Модуль таълим тизимига 2022-2023 ўқув йили учун қабул шу йил 15 июлдан 30 июлгача (шу куни 18:00гача) оффлайн тарзда амалга оширилиши белгиланган эди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент ислом институтида 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб, ўрта махсус маълумотга эга имом-хатибларни олий маълумотли кадрлар қилиб тайёрлаш мақсадида Модуль таълим тизими жорий қилинди.

Модуль таълим тизимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасалари, яъни мадрасаларни тамомлаган, 5 йил ва ундан ортиқ муддат давомида масжидларда фаолият олиб бораётган имом-хатиблар танлов асосида ўқишга қабул қилинади.

Модуль таълим тизимига абитуриентлар номзодларини Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти ва вилоятлар вакиллари тавсия этади.

Талабалар Модуль тизимида тўлов-контракт асосида 3 йил таълим оладилар, хорижий фуқаролар ўқишга қабул қилинмайди.

Тошкент ислом институти Модуль таълим тизими учун қуйидаги фанлар мажмуасидан қабул имтиҳонлари ўтказилади:

- ихтисослик фанлари мажмуаси (Қуръони карим ва тажвид, ҳадис, фиқҳ, ақоид) – 73,5 балл;
- ижтимоий-гуманитар фанлар мажмуаси (Ўзбекистон тарихи, Маънавият асослари, Миллий ғоя) – 27,5 балл.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 329 times

Янгиликлар

Top