Ўзбекистон янгиликлари

Ҳадис илми мактабида ижодий имтиҳонлар бошланди

Бугун, 3 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Ҳадис илми мактаби 2022-2023 ўқув йили учун қабул имтиҳонлари бошланди.

Қабул имтиҳонлари очилиш маросимида Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Мақсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили Зайниддин Эшонқуловлар иштирок этди.

Абитуриентлар бугун “Араб тили” ва “Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис” фанларидан ижодий имтиҳон топширади.

Қабул жараёнларини юқори савияда ташкил этиш, имтиҳонларни шаффоф, очиқ ва ошкора ўтказилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент ислом институтининг тажрибали педагог-ўқитувчилари, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Олий ва ўрта таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигининг масъул ходимлари жалб қилинган.

Қабул жараёнлари оммавий ахборот воситалари томонидан ёритиб борилмоқда ҳамда Ҳадис илми мактабининг интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларида онлайн тарзда узатиб борилмоқда.

Маълумот учун, қабул жараёнларининг “Ўзбекистон тарихи” фани бўйича тест синовлари 2022 йил 4 август куни бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Ҳадис илми мактаби Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
2018 йил 21 апрелдаги ПФ-5416-сон Фармони ижроси бўйича ташкил этилган. Таълим муассасасига 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб “Ҳадисшунослик” йўналиши бўйича талабалар қабул қилиб келинмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1294 times

Янгиликлар

Top