Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон ва Ўмон ўртасида сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболлари муҳокама қилинди

Ўзбекистоннинг Ўмондаги элчихонасида “Zahara Tours” сайёҳлик компанияси менежерлари Арун Раж ва Сураж Шрофф билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мулоқот чоғида Ўмон томони мамлакатимизнинг бой сайёҳлик сайёҳлик салоҳияти ҳамда бу жабҳани янада ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар ва улар бераётган салмоқли натижалар билан яқиндан таништирилди.
“Zahara Tours” вакиллари Ўзбекистон Ўмон фуқаролари учун ўн кунлик визасиз режимни жорий этгани республикага ўз мамлакатидан сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилишини қайд этишар экан, бу йўналишда Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканлигини маълум қилдилар.
“Zahara Tours” вакиллари Ўмон аҳолиси, асосан, фақат мактаб дарсликлари орқали Ўзбекистонни билишини, шу боис ижтимоий тармоқларнинг араб тили сегментида Ўзбекистоннинг жаҳонга машҳур шаҳарлари ва уларнинг улкан сайёҳлик имкониятларини тарғиб қилувчи ахборотлар тарқатиш ҳажмини янада ошириш лозимлигини билдиришди. Бу, шубҳасиз, араб дунёси мамлакатларидан, шу жумладан Ўмондан Ўзбекистонга борадиган сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади.
Учрашув интиҳосида “Zahara Tours” вакиллари томонидан жорий йил декабрь ойида Масқат шаҳрида ўзбекистонлик туроператорлар иштирокида семинар ўтказиш таклиф этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 954 times

Янгиликлар

Top