Ўзбекистон янгиликлари

Таниқли уламоларимиз жума намозига чегара ҳудудлардаги жоме масжидларга ташриф буюрди

Бугун Ўзбекистон мусулмонлар идораси раисининг ўринбосари фазилатли устоз Иброҳимжон домла Иномов бошчилигидаги уламо ва имом-хатиблар юртимиз чегара ҳудудларида фаолият юритаётган жоме масжидларда жума намозларини жамоат билан адо этиш учун ташриф буюрди. Намоздан аввал уламоларимиз жамоатга бугунги кунда долзарб мавзулар ҳақида маъруза қилиб, уларни яхшиликка чорладилар. 

Ана шундай илмий суҳбат Тошкент вилояти Янгийул тумани “Усмон Зиннурайн” жоме масжидида бўлиб ўтди. Унда устоз Иброҳимжон домла йиғилганларга айни кунда айрим сохта оқимларнинг пайдо бўлганию уларнинг  динимиз асос­ларини бузишда изчил ҳаракат қилаётганини алоҳида қайд этиб, ҳозирги даврдаги жаҳолат уруғини сочаётган сохта экстремистик ғояларга маърифий жиҳатдан курашда ислом динимиз тарихий тараққиётида ҳам шаклан бошқачароқ кўринишда бўлса-да, лекин мазмунан айнан шундай экстремистик ғоялар олдин ҳам бўлганини таъкидлади. “Динимиз тарихига назар солар эканмиз, яна шунга амин бўламизки, соғлом идрок, соғлом ҳақиқат ва ғоялар сохта ғоялар устидан ҳамиша ғалаба қозониб келган. Ислом динимиз ривожига буюк ҳисса қўшган бобокалонимиз Абу Мансур Мотуридийнинг илмий меросида сохта ғояларга қарши иш олиб борган курашини кўриш мумкин”, дея сўзида давом этди Иброҳимжон домла.

Шунингдек, мавъизада бундай оқимларга берилмаслик, айниқса ёш авлодни турли бузғунчи оқимлар сафига кириб қолишларини олдини олиш, уларни интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали тарғиб қилинаётган турли мафкуравий ва информацион хуружлардан ҳимоя қилиш зарурлиги таъкидланди.

Бундан муҳим мавзудаги суҳбатлар Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги "Мурчбобо" жоме масжидида ҳам бўлиб ўтди. Тошкент шаҳар Олмазор тумани имом хатиби Адуллоҳ домла Йўлдашев мазкур масжидга ташриф буюриб намозхонларга илмий маърифий суҳбат қилиб, сўнгра жума намозини ўқиб бердилар.

Таниқли уламоларимизнинг ташрифлари доирасидаги жума маърузалари республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1025 times

Янгиликлар

Top