Ўзбекистон янгиликлари

Маърифий суҳбатлар Паркент тумани масжидларида давом этди

Эҳсон нима? Илм аҳлини эҳтиром қилишнинг фазилати қандай? Тинчлик ва хотиржамлик неъматининг шукрини адо эта оляпмизми?
Бугун Паркент туманидаги масжидларда пешин ва хуфтон намозидан сўнг шу каби муҳим мавзулар юзасидан таниқли уламолар иштирокида мавъизалар бўлиб ўтди.
Хабарингиз бор, шу кунларда юртимизнинг бир гуруҳ таниқли уламолари Тошкент вилоятининг бир қатор туманларидаги масжидларга ташриф буюриб, пешин ва хуфтон намозларини жамоат билан бирга адо этиб, мўмин-мусулмонларга маърифий суҳбатлар қилиб бермоқдалар. Ана шундай диний-маърифий учрашувлар бугун Паркент туманида давом этди.
"Кунгай” масжидига ташриф буюрган намозхонлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномовнинг “Илм аҳлига эҳтиром” мавзусидаги мавъизасидан баҳраманд бўлиб, ўзларига керакли бўлган билимга эга бўлдилар. Жумладан, Иброҳимжон домла ўз сўзида илм талаб қилиш динимиздаги энг муҳим ва аввалги буйруқлардан экани, Қуръондаги биринчи нозил бўлган оят ҳам илмга тарғиб қилиш билан бошланиши таъкидлаб, илм олишнинг фазли ҳақида тўхталиб ўтди. Шу билан бирга олиму уламоларни ҳурмат қилишнинг ҳикматлари ҳам сўз юритди.
Бундай манфаатли маърузалар “Сирли” масжидида Ибн Турсун Билол қори, “Беш капа” масжидида Акмалхон домла Абдуллаев, “Бобо мочин” масжидида Зиёвуддин домла Мирсодиқов, “Бойқозон” масжидида Муҳаммадраҳим домла Абдуқодиров, “Невич” масжидига Собиржон домла Рустамов, “Новдак” масжидида Ўткир домла Ҳакимовлар иштирокида бўлиб ўтди. Мазкур суҳбатларда бугунги куннинг энг муҳим мавзулари юзасида илмий мавъизалар қилиниб, жамоатнинг диний-маърифий билимларини мустаҳкамлашга ҳаракат қилинди.
Мазкур масжидларда хуфтон намозидан сўнг ҳам гўзал ва таъсирли илмий суҳбатлар ташкил этилди. Унда таниқли имом-хатибларимиздан Мусахон домла Бабаев, Зокир домла Зиятдинов, Донёр домла Икромов, Нурали домла Мавлонов, Ашурмат Абдуқодиров, Суннатуллоҳ домла Эрназаров, Миродил домла Мирджалиловлар масжидга йиғилганларга манфаатли маъруза қилиб, улар томонидан берилган саволларга батафсил жавоб қайтардилар.
Суҳбатлар якунида уламолар жамоат билан бирга Ҳақ таолодан юртимизга тинчлик-офият, файзу барака ва тан-сиҳатлик сўраб дуолар қилдилар.
Аллоҳ таоло уламоларимизнинг суҳбатларини манфаатли ва давомли қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 905 times

Янгиликлар

Top