Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбек дипломатлари Свердловск вилоятидаги Имом Бухорий масжидининг 20 йиллиги тантаналарида иштирок этди

Ўзбекистон Президенти томонидан кейинги олти йил мобайнида мамлакатимизда диний–маърифий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда диний эркинлик доирасида қабул қилинган қарорлар ва яратилган шароитларни Россия расмийлари ва жамоатчилиги, жумладан ўзбек ватандошлари эътиборига тизимли равишда етказиб бориш Бош консулхонанинг ахборот-тарғибот фаолиятидаги устувор йўналишларидан бири ҳисобланади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мамлакатимизнинг Екатеринбургдаги Бош консулхонаси ходимлари Россия муфтийси Равил Гайнутдин ҳамда Урал федерал округидаги Свердловск вилояти Верхняя Пишма шаҳридаги Имом Исмоил аль-Бухорий номидаги масжид имоми Артур Мухутдиновнинг таклифига биноан, ушбу масжиднинг 20 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда иштирок этишди.
Тадбирда Қирғизистон ва Тожикистон Бош консуллари, Свердловск вилояти губернатори ўринбосари, Қонунчилик мажлиси (маҳаллий парламент) раҳбари ўринбосари, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Уралдаги вакили, Екатеринбург ва Верхняя Пишма шаҳарлари маъмуриятларининг вакиллари, Урал давлат иқтисодиёт университети ректори ҳамда турли динлар вакиллари иштирок этдилар.
Артур Мухутдинов тадбирни очар экан, масжиднинг қурилиши тарихи ва унинг ҳозирги кундаги ҳолатига келгунига қадар улкан ҳиссаларини қўшиб келган кишилар ҳақида, хусусан, масжиднинг қурилишига ҳомийлик қилган Урал тоғ-металлургия комбинати президенти, ватандошимиз Искандар Маҳмудовнинг ҳиссаси катта эканлигини маълум қилди.
Шундан сўнг вилоят, шаҳар мутасадди раҳбарлари, олий таълим муассасалари ректорлари ҳамда диний уламо ва бошқа меҳмонлар сўзга чиқишиб, Имом Исмоил ал-Бухорий номидаги масжиднинг 20 йиллиги билан муассаса раҳбарияти ва тадбир иштирокчиларини самимий қутлашди.
Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Бош консули Абдусалом Ҳотамов масжиднинг қурилишига ҳисса қўшганларга, хусусан, УГМК раҳбарияти ва вилоят мутасаддиларига ўз миннатдорлигини изҳор этар экан, масжиднинг 20 йиллиги муносабати билан масжид раҳбарияти ҳамда тадбир иштирокчиларини табриклади.
У.Шунингдек, Ўзбекистонда сўнгги 6 йил ичида юртбошимиз томонидан диний таълим йўналишида олиб борилаётган ислоҳотлар, уларнинг қонун ва қонуности ҳужжатларда ўз аксини топганлигини, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ва бошқа қатор илмий-тадқиқот марказларининг ишга туширилганини маълум қилди. Тадбирда иштирок этган Свердловск вилоятидаги ўзбек диаспораси раҳбари Обид Туратов Татаристон, Тожикистон ва Бошқирдистон миллий марказлари билан биргаликда Ўзбекистон байроғи остида миллий маданиятимизни тараннум этувчи чодир ўрнатди ва байрам иштирокчиларга республикамизнинг бой тарихига оид мўъжаз кичик кўргазма ташкил этди.
Шундан сўнг Верхняя Пишма шаҳар Самбо федерацияси президенти, ватандошимиз Баҳодир Бухарский томонидан спорт мусобақаси ташкил этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1015 times

Янгиликлар

Top