Ўзбекистон янгиликлари

Ҳомиджон домла Ишматбеков Қозоғистон бош муфтийси билан мулоқот қилдилар

Қозоғистон сафари давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули жаноблари билан учрашув ўтказдилар.

Самимий мулоқот чоғида Наврўзбай ҳожи жаноблари Ҳомиджон домла Ишматбековга нуфузли анжуманга ташриф учун ташаккур айтиб, хайрли дуо ва тилаклар билдирдилар. Ўз навбатида Ҳомиджон домла Ишматбеков ҳам Қозоғистон бош муфтийсига самимий таклиф, қабул ва тилаклар учун миннатдорлик билдириб, у кишининг дин йўлидаги фаолиятига улкан муваффақият тиладилар.

Учрашув давомида Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик диний-маърифий жабҳада ҳам изчил ривожланиб, халқларимиз ўртасидаги биродарлик янада мустаҳкамланиб бораётгани, бу икки Давлат раҳбарларининг оқилона сиёсати туфайли ўзаро муносабатлар янги босқичга кўтарилгани, уларнинг динга муҳаббатлари зиёдалиги боис мамлакатларимизда Ислом маърифатини кенг таратиш бўйича катта саъй-ҳаракатлар олиб борилаётгани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, икки диндош ва қардош мамлакат диний идоралари фаолияти, ўзаро ҳамкорлик масалалари ҳақида фикр алмашилди.

Маросим охирида Қозоғистон бош муфтийси Наврўзбай ҳожи ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосарни Ҳомиджон домла яхши тилаклар ила ўзаро бир-бирларига ҳадялар улашдилар.

Ташриф давомида Ҳомиджон домла Ишматбеков Астана шаҳрида янги очилган Бош масжидда жума намозини адо этди. Жума маърузасини “Ал-Азҳар” диний мажмуаси раҳбари, шайх Аҳмад Муҳаммад Тоййиб ҳазратлари қилиб бердилар. Жума намозида Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбаев ҳам иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз, шу йил 14-15 сентябрь куни Қозоғистонда Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари VII-Қурултойи бўлиб ўтди. Унда дунёдаги турли дин вакилларининг раҳбарлари, таниқли уламолар билан бир қаторда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ҳам қатнашиш учун ушбу мамлакатга ташриф буюрди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 756 times

Янгиликлар

Top