Ўзбекистон янгиликлари

Аждодлар меросини ўрганиш бурчимиздир

Жорий йилнинг 27 сентябрь куни “Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим муассасасида билим юртининг 1-босқич талабалари ҳамда гуруҳ раҳбарлари иштирокида “Аждодлар меросини ўрганиш бурчимиздир” шиори остида саёҳат тадбири бўлиб ўтди.
Саёҳатнинг биринчи манзили – Наманган вилояти Чортоқ туманида жойлашган “Балиқли-кўл” ҳамда “Султон Увайс Қароний” мажмуаси билан танишишдан бошланди. Мажмуада талабаларга “Султон Увайс Қароний” масжиди имом-хатиби Мавлонов Баҳодир томонидан тобеъинлардан бўлган улуғ ва фазилатли аллома Увайс Қароний ҳаёти ва фаолияти, унинг эзгу иш ва амаллари ҳақида тарихий манбалар асосида батафсил тушунча берилди.
Бундан ташқари талабалар мажмуа таркибидаги музей ва ундаги “Қуръон карим” китоби ҳамда эски қўлёзмалар билан яқиндан таништирилди.
Шунингдек, талабалар Президентимз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан қайта таъмирлаб фойдаланишга топширилган “Султон Увайс Қароний”нинг мақбараларини зиёрат қилди. Зиёрат давомида Қуръони карим тиловат қилиниб, ушбу даргоҳдан ўтган барча инсонлар ва мажмуани обод бўлишига хизмат қилган мутасаддиларни ҳақиларига дуо хайр қилинди.
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим муассасасида маънавий ва маърифий руҳдаги бундай тадбирларнинг тез-тез ўтказилиб турилиши талабаларнинг ўтмиш тарихимизни яхшироқ ўрганиши, ҳозирги ойдин ҳаётимизга шукроналик ҳамда буюк келажагимизга ишонч туйғуларининг шаклланишига асос бўлиб хизмат қилмоқда.

 

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати

Read 908 times

Янгиликлар

Top