Ўзбекистон янгиликлари

Халқимизни мамнун қилаётган ўзгаришлар

Аллоҳ таоло “Оли Имрон” сурасида: «Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф-наҳйи мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир», дея мараҳамат қилган. Демак, амри маъруф ва наҳйи мункар ишлари яхши йўлга қўйилган жамият кишиларигина динимиз аҳкомларидан хабардор бўлади.
Шу маънода кейинги йилларда юртимизда жамоатни яхшиликка чақириш, диний-маърифий билимларини бойитиш борасида кўплаб саъй-ҳаракатлар қилинаётирки, бу ўз навбатида, динимиз ривожи, халқимиз маърифати равнақига хизмат қилмоқда. Айниқса, таниқли уламо ва воиз имом-хатибларнинг республикамиз масжидларида ташкил этаётган илмий-маърифий суҳбатлари шу жиҳатдан манфаатли бўлмоқда.
Айни кунда бундай маърузалар бир гуруҳ уламо ва таниқли имом-хатиблар иштирокида Тошкент вилояти туманларининг бир қанча масжидларида давом этяпти. Ташкил этилаётган ушбу илмий-маърифий суҳбатларда “Оила қуриш масъулияти”, “Ватанга муҳаббат”, “Тинчлик улуғ неъмат” каби муҳим мавзуларда мавъизалар қилиняпти.
Эътиборлиси, мазкур ташриф давомида воиз имом-хатибларни масжид қавми илиқ қаршилаб, ҳурмат эътиборини ўз жойига қўймоқда. Шу билан бирга ҳар бир маърузаларни диққат билан тинглаб, керакли ўринда саволлар ҳам беряпти. Албатта, бундай суҳбатларнинг тез-тез ташкиллаштирилаётгани ўз самарасини бериб, аҳолининг маърифий билимлари юксалишига хизмат қилмоқда.
Қолаверса, охирги йилларда диний соҳадаги энг катта ютуқлардан бири республикамиз бўйлаб "Қуръон ва тажвидни ўргатиш" ўқув-курсларининг ташкил этилаётганидир. Биргина сўнги икки ҳафта ичида Тошкент вилоятининг Бекобод, Ангрен, Чирчиқ шаҳарларида мана шундай курсларнинг ишга тушгани Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи Қуръон шайдолари учун катта совға бўлди. Албатта, бундан уламолар ҳам халқимиз ҳам мамнун.
Иншааллоҳ, вақти келиб бу хайрли саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бериб, юртимизда кўплаб қорилар, уламою олимлари етишиб чиқади.

Муродуллоҳ домла Ғойибназар ўғли,
Тошкент шаҳар Яшнобод тумани
"Ал Ҳудайбия" жоме масжидининг имом-хатиби

Read 979 times

Янгиликлар

Top