Ўзбекистон янгиликлари

Хушхабар: Нукус туманидаги марказий «Имом Эшон» масжиди қайтадан бунёд этилди

Юртбошимиз ташаббуси билан ҳар бир вилоятга Қорақалпоғистон Республикасидаги туманлар бириктирилиб, иқтисодий ривожланиш ва ижтимоий хизматлар сифатини яхшилаш йўналишлари белгилаб берилган эди.
Самарқанд вилоятига Нукус тумани бириктирилиб, у ерда аҳолини иш билан таъминлаш, тиббий, ижтимоий хизматларни яхшилаш, қурилиш-ободонлаштириш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, халқнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, қурилиш-ободонлаштириш ишлари, янги корхоналарни барпо этиш ва иш ўринларини яратиш мақсадида лойиҳалар ишлаб чиқилган.
Мазкур лойиҳалар қаторида тумандаги марказий “Имом Эшон” масжидининг иморатини янгидан қуриш ҳам режалаштирилган. Унга кўра Самарқанд вилояти ҳокимияти, «NURLI KELAJAK ISHONCH SERVIS ва UNIVER PRO STILE» масъулияти чекланган жамиятлари томонидан масжид биноси барча қулайликларга эга кўринишда янгидан қурилди ва атрофлари обод қилинди.
16-октябрь куни ушбу «Имом Эшон» масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ. Сариев, унинг ўринбосари Р. Сапарбаев, Самарқанд вилояти ҳокими Э. Турдимов, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Ш. Бауатдинов, Самарқанд вилояти бош имоми З. Эшонқулов, имом-хатиблор, нуронийлар ва туман аҳолиси иштирок этди. Маросим олдидан Қуръон тиловат қилинди ва қурбонлик сўйилди.
Барча қулайликларга эга, ихчам ва замонавий масжид иморатини янгидан қуришда меҳнат қилган Самарқанд вилояти ҳокимияти ва тадбиркорларига Қорақалпоғистон Республикаси Жоқарғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти томонидан миннатдорчилик билдирилди.
Бир сўз билан айтганда, саамарқандлик тадбиркорлар Нукус туманини янада обод, ишлаб чиқариш ва иқтисодий тарафдан барқарор ҳудудга айлантириш учун барча чораларни кўрмокда.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Даўытбай Беканов, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходими

Read 795 times

Янгиликлар

Top